
Қайси давлатларда мигрантлар энг юқори маош олади — рейтинг
Германия ва АҚШ мигрантлар учун даромад энг тез ўсадиган давлатлар бўлди, айрим ривожланган иқтисодиётларда эса маошлар вақт ўтиши билан пасаймоқда.

«Visual Capitalist» портали ва OECD (Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) ҳисоботига кўра, меҳнат мигрантлари учун энг катта даромад ўсиши Германия ва АҚШда қайд этилган. Кўчиб боришдан кейин илк йилларда маҳаллий меҳнат бозорига мослашиш мигрантларнинг иш ҳақига ижобий таъсир кўрсатади.
Германия ушбу рейтингда мутлақ етакчи бўлди. Бу ерда мигрантларнинг йиллик даромади илк беш йил ичида ўртача 48 фоизга ўсади. Агар биринчи йилда ўртача даромад 17 004 доллар бўлса, бешинчи йилга келиб у 25 224 долларга етади.

Иккинчи ўринда Швеция жойлашган. Бу давлатда мигрантлар маоши беш йил ичида 44 фоизга ўсади. Учинчи ўринни эса АҚШ эгаллади. Америкада хорижий ишчиларнинг даромади беш йил ичида 43 фоизга ошади. Аниқ рақамларда бу қуйидагича кўринади: биринчи йилда ўртача 27 375 доллар, бешинчи йилга бориб эса 39 163 доллар. Яъни мигрант АҚШда беш йил ичида қарийб 12 минг долларга кўпроқ ишлай бошлайди.
Юқори ўсиш суръатлари Финландияда 42 фоиз, Италияда 29 фоиз ва Канадада 27 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, ўсиш суръати ва мутлақ маош даражасини фарқлаш муҳим. Масалан, Норвегияда мигрантлар бешинчи йилга келиб энг юқори маош олади — ўртача 67 877 доллар. Аммо бу давлатда ўсиш суръати нисбатан паст бўлиб, атиги 14 фоизни ташкил қилади.
Энг кутилмаган ҳолат Янги Зеландия ва Нидерландияда кузатилган. OECD рўйхатида айнан шу икки давлатда мигрантлар даромади беш йил ўтиб 6 фоизга камайган. Яъни, вақт ўтиши билан маош ўсиши эмас, пасайиши қайд этилган.
Умуман олганда, таҳлил қилинган 15 давлат бўйича мигрантлар маошининг ўртача ўсиши 24 фоизни ташкил этган.
Ҳисоботда маҳаллий аҳоли билан маошлар ўртасидаги фарқ ҳам қайд этилган. Иш бошлаган дастлабки даврда мигрантлар маҳаллий аҳолига нисбатан ўртача 34 фоиз кам иш ҳақи олади. Бу, асосан, хорижий ишчиларнинг аввал паст маошли соҳаларда иш бошлаши билан изоҳланади. Бироқ беш йил ичида бу фарқ 21 фоизгача қисқаради. Бунга иш тажрибаси, дипломларни тасдиқлаш ва юқорироқ маошли компанияларга ўтиш сабаб бўлади.





