
Қирғизистон таълим вазири маст ҳолда машина бошқаргани учун ишдан олинди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров фан ва таълим вазири Бахтиёр Ўрозовни «давлат хизматчиси этикасига риоя қилмагани» учун лавозимидан озод қилди.

Қирғизистон фан, олий таълим ва инновация вазири Бахтиёр Ўрозов «давлат ва муниципал ходимларнинг этика меъёрларга риоя қилмагани учун» лавозимидан озод қилинди. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармон 15 декабр куни имзоланиб, шу куни давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Kaktus.media нашрининг ёзишича, Бахтиёр Ўрозов ишдан бўшатилишидан бир кун олдин Чуй вилоятининг Қой-Тош қишлоғида маст ҳолда автомобил бошқаргани учун қўлга олинган. Ушбу маълумот кейинчалик вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган.
«Текширув давомида ҳайдовчида алкогол мастлиги белгилари кузатилди. Шунинг учун у Бишкек марказий наркология бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилди ва унинг алкогол истеъмол қилгани тасдиқланди. Ҳайдовчига нисбатан Ҳуқуқбузарлик кодексининг 193-моддаси бўйича баённома тузилди. Автомобил ихтисослаштирилган жарима майдончасига жойлаштирилди», — дейилади ташкилот хабарида.
Kaktus.media томонидан эълон қилинган видеоёзувда Бахтиёр Ўрозовнинг ўзи ҳам пиво ичганини тан олгани акс этган. Бу ҳолат жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Маълумот учун, Бахтиёр Ўрозов 2025 йил май ойидан буён Қирғизистон фан, олий таълим ва инновациялар вазири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.





