
Қирғизистонлик депутат Ўзбекистоннинг суғориш учун сувга пул тўламаслигидан норозилик билдирди
Қирғизистон парламентида қўшни давлатлар манфаатдор бўла туриб, сув ресурслари учун тўлов қилмаётгани танқид остига олинди.

Қирғизистон Жўқорғи Кенеши депутати Умбетали Қидиралиев қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Қозоғистон суғориш суви учун тўлов амалга оширмаётганидан норозилик билдирди. Бу ҳақда у 9 февраль куни парламентнинг аграр сиёсат ва сув ресурслари бўйича қўмитаси йиғилишида маълум қилди.
Депутат сўзларига кўра, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида сув ресурсларидан фойдаланиш масаласи янада кескинлашмоқда.
Қидиралиевнинг таъкидлашича, Қирғизистон гидроиншоотларида жамланган сувнинг қарийб 80 фоизи қўшни мамлакатлар ҳудудига оқиб кетади. У бу ҳолатда сувдан асосий манфаат кўраётган давлатлар билан ҳисоб-китоб механизмларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди. Депутат бу масала давлат манфаатлари нуқтаи назаридан очиқ муҳокама қилиниши кераклигини таъкидлади.
Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бакит Торобоев Қамбарота ГЕС-1 қурилишида Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирок этаётганини, улар сув ресурсларидан манфаатдор эканини очиқ тан олаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Кампиробод сув омбори Ўзбекистон билан тенг улуш тамойили асосида бошқарилади.
Шу билан бирга, Киров ва Орто Токой сув омборлари Қирғизистон балансида ҳисобланади. Аммо ҳар йили давлатлараро комиссиялар орқали Қирғизистон қанча ҳажмда сув етказиб бериши мумкинлиги белгиланади. Депутат фикрича, бундай тизим мамлакат учун иқтисодий фойда келтирмаяпти, чунки гидроузелларни сақлаш, таъмирлаш ва дамбаларни назорат қилиш катта харажат талаб қилади.
Энергетика вазири ўринбосари Насиббек Каримов мазкур масала энергетика соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда кўриб чиқилаётганини билдирди. Торобоев эса бу маълумотлар ёпиқ бўлиб, президент Садир Жапаров қўшни давлатлардан сув учун мажбурий тўлов талаб қилмаслик позициясини билдирганини таъкидлади.





