Logo

Касаллик тарқатувчи жонивор ови: 50 йиллик Эбола жумбоғи ҳали ҳам ечилмади

Bugun 16:505 daqiqa

Олимлар бир неча ўн йилдан буён Эбола вирусининг тарқалишига қайси жонивор сабабчи эканини аниқлаш устида бош қотирмоқда, аммо ҳанузгача аниқ жавоб йўқ.

Касаллик тарқатувчи жонивор ови: 50 йиллик Эбола жумбоғи ҳали ҳам ечилмади © The New York Times

Эбола илк бор зооноз (ҳайвонлардан одамга юқадиган) касаллик сифатида қайд этилган 1976 йилдан буён олимлар вируснинг келиб чиқиш манбасини топиш мақсадида минглаб турли жониворларни, хусусан, кўршапалак, каламуш, илон ва ҳатто ҳашаротларни ҳам ўрганишди. Бироқ ҳар гал изланишлар боши берк кўчага кириб қолаверди.

Конго Демократик Республикаси ва Уганда соғлиқни сақлаш идоралари навбатдаги эпидемияни жиловлашга уринаётган бир пайтда, вирусологлар яна ўша жумбоқли манба — вирусни ўзида ташиб, сўнгра уни одамлар ва бошқа жониворларга юқтирувчи ҳайвон ҳақидаги савол устида бош қотирмоқда.

Техас университетининг Тиббиёт бўлими қошидаги Биологик мудофаа ва янги юқумли касалликлар маркази директори ўринбосари, профессор Александр Букреевнинг таъкидлашича, бу муаммони тушунишнинг энг яхши йўли — шунга ўхшаш бошқа бир вируснинг манбаси қандай аниқланганига эътибор қаратишдир.

Марбург вируси ҳам худди Эбола каби филовируслар оиласига мансуб. Ушбу ҳалокатли патоген 2007–2008 йилларда Угандадаги Китака олтин конида яшовчи Миср мевахўр кўршапалакларида аниқланган эди.

Ўшандан буён Марбург вирусининг ўткинчи табиати, яъни у кўршапалаклар организмида узоқ вақт сақланиб қолмаслиги исботланди. Ўшанда тадқиқотчиларнинг омади чопган эди: улар касаллик тарқалиб кетганидан кўп ўтмай кўршапалаклардан намуналар олишга улгуриб, Марбург манбасини аниқлай олишди.

«Инфекция тез ўтиб кетади. Яъни, Миср мевахўр кўршапалаги вирусни юқтириб олади, маълум вақт ўз танасида сақлайди ва кейин ундан бутунлай халос бўлади. Касаллик кўршапалаклар тўдаси ичида тарқалади, аммо ҳеч қайси жониворнинг организмида узоқ вақт сақланиб қолмайди», — дейди Букреев «TRT» нашрига берган интервюсида.

Худди Марбург сингари, Эбола ҳам табиатнинг энг қоронғи бурчакларида мана шундай яшириниб келмоқда.

Изсиз йўқолиш

Барча юқумли касалликларнинг қарийб 60 фоизи ёввойи ҳайвонлардан келиб чиқади. Бироқ бу зооноз касалликлар, хусусан, уларнинг тарқалишига айнан қандай экологик ва атроф-муҳит омиллари туртки бўлиши ҳақида ҳалигача кўп нарса номаълум бўлиб қолмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Конго Демократик Республикаси ва унга қўшни бўлган Угандада Эбола вирусининг «Бундибугио» штамми тарқалиши оқибатида 63 киши ҳалок бўлган.

Касаллик манбасини аниқлаш эпидемиологлар учун ўта муҳимдир. Чунки бу ўша жониворнинг қаерда яшашини ҳамда касалликни тарқатиши мумкин бўлган бошқа ҳайвонлар ёки одамлар билан қандай мулоқотга киришишини билишга ёрдам беради.

«Агар мевали кўршапалакларнинг тўрт тури энг муҳим ёввойи резервуарлар эканлигини аниқ билганимда, уларнинг яшаш жойлари, ҳаёт тарзи ва кундалик одатларини инобатга олган ҳолда ўта аниқ хариталар туза олардим», — дейди Оклахома штати университетининг биология факултети доценти Патрик Р. Стивенс.

«Шунингдек, агар ушбу турлардан бирортаси ўз яшаш ҳудудини кенгайтирса, вирус тарқалиши мумкин бўлган янги жойларни ҳам башорат қилган бўлардим. Бу эса Эбола вирусининг кутилмаган хуружларини олдиндан кўра билиш учун айнан қайси ёввойи сут эмизувчиларни кузатишимиз кераклигини аниқлашда ҳам қўл келади», — дейди у.

1963 йилда Боливиянинг қишлоқ ҳудудларида геморрагик иситмани келтириб чиқарувчи Мачупо вируси эпидемияси авж олган эди. Ўшанда экологлар маҳаллий сичқон турларидан бири вируснинг табиий манбаси эканини аниқлашган.

«Вирус ташувчи жониворларни тутиб йўқ қилиш вирусга узил-кесил барҳам берди», — деб ёзади Дэвид Куаммен зооноз касалликларга бағишланган «Spillover» номли машҳур китобида.

Вирусни излаш ҳаракатлари ҳамон натижа бермаяпти

Сўнгги эллик йил ичида Конго Демократик Республикаси, Габон, Либерия, Серра-Леоне, Судан, Уганда ва бошқа мамлакатларда авж олган кўплаб эпидемиялар минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди.

Бироқ Эбола вирусининг одамларга юқишига сабабчи бўлган табиий манбани (жониворларни) қидириш бўйича ҳалигача етарлича иш қилинмади.

Ўтмишдаги Эбола эпидемиялари қайси ҳудудларда содир бўлгани ва касалланиш ҳолатларини кузатиш орқали олимлар вируснинг асл манбаси ёввойи табиатда яширинганига амин бўлишди. Шунингдек, улар бу қайсидир сут эмизувчи жонивор эканига ишонишади.

Стивенснинг таъкидлашича, Африкадаги 900 га яқин маълум сут эмизувчи турнинг фақат 350 тасидангина намуна олинган. Уларнинг янада камроқ қисми лаборатория шароитида тирик вирус билан зарарлантириб кўрилган. Ваҳоланки, айнан шундай тажрибаларгина тадқиқотчиларга вирус ҳайвон танасининг қайси қисмида яширинишини ва касаллик юққанидан қанча вақт ўтгач уни аниқлаш мумкинлигини кўрсатиб беради.

«Бунинг устига, вирус ўзи юқадиган турлар орасида ҳам жуда кам учрайди. Масалан, биз уни қайд этган аксарият турларда қанча намуна олинганидан (баъзан бу рақам юзлаб бўлиши мумкин) қатъи назар, фақат икки ёки учта жониворнинг тести ижобий чиққан», —дейди Стивенс.

Аввалги эпидемияларнинг аксарияти — масалан, Серра-Леоне, Либерия ва Гвинеяда 11 мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган 2014 йилги ҳалокатли вирус тарқалиши ҳам айнан ёввойи ҳайвонларга бориб тақалади.

2014 йилги эпидемияда вирусологлар биринчи бўлиб касалланган бемор — Гвинеяда кўршапалаклар билан мулоқотда бўлган икки ёшли болакай эканини аниқлашди. Бошқа эпидемиялар эса ўлик шимпанзелар ва бошқа приматлар гўштини истеъмол қилиш билан боғлиқ эди.

Эбола вирусини қидириш жараёни ёввойи ҳайвонларнинг жуда кичик бир қисми билан чекланганини ҳисобга олганда ҳам, шу пайтгача Конго Демократик Республикаси чангалзорлари ва бошқа жойлардан эҳтиёткорлик билан йиғилиб, Американинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) каби нуфузли муассасаларнинг юқори технологияли лабораторияларига жўнатилган юзлаб намуналарда тирик вируснинг ҳеч қандай изи топилмагани ақл бовар қилмас ҳолатдир.

«Балки бу ҳолат эпидемия тугаганидан сўнг вирус қолдиқлари ҳайвоннинг бирон-бир тўқимасида чуқур яшириниб қолиши билан боғлиқдир», — дея тахмин қилади Стивенс.

Ҳайвонларнинг иммун тизими ҳам, худди одамларники каби, патогенларга қарши курашади ва уларни танадан чиқариб ташлайди. Аммо инфекциянинг жуда кичик бир қисми барибир танада қолиб, тўқималарда яшириниши ва вирусологлар назаридан четда қолиши мумкин.

Таъкидланишича, ҳайвонлар озиқ-овқат танқислиги каби бирон-бир кучли стрессни бошдан кечирганида, бу ҳолат вируснинг қайта юзага чиқишига (уйғонишига) туртки бўлади.

Ҳатто олимлар ўз қидирувларини фақатгина кўршапалаклар билан чеклаган тақдирда ҳам, уларнинг турли хил турларидан минглаб намуналар тўплаш жуда мураккаб ва катта маблағ талаб қиладиган жараён ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid

Касаллик тарқатувчи жонивор ови: 50 йиллик Эбола жумбоғи ҳали ҳам ечилмади | Vaqt.uz