add

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚС нол ставкаси жорий этилди

Кеча 18:272 дақиқа

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда солиқ юкини камайтиришга қаратилган янги тартиб кучга кирди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚС нол ставкаси жорий этилди

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишда қўшилган қиймат солиғи бўйича нол ставка жорий этилди. Ушбу тартиб президентнинг 2025 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.

Ҳужжатга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган маҳсулотларни (пахта ва ғалладан ташқари) сотишда ҚҚСнинг “0” ставкаси қўлланилади. Бу чора қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг айланма маблағларини кўпайтириш ва маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

ҚҚСнинг нол ставкаси татбиқ этиладиган маҳсулотлар рўйхати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхат доимий равишда янгиланиб, идораларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.

Шу билан бирга, рўйхатга киритилган маҳсулотларни етиштириш учун харид қилинган товар ва хизматлар бўйича тўланган ҚҚСни қоплаш тартиби сақлаб қолинади. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига ҚҚС суммаси автоматлаштирилган тарзда уч иш куни ичида қайтарилиши белгиланган. Бу жараён ҳам пахта ва ғалла ишлаб чиқарувчиларидан ташқари барча фермер ва агробизнес субъектларини қамраб олади.

Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан ҳамкорликда ҚҚСни бир етказиб бериш занжири доирасида ҳисобга олиш тизими такомиллаштирилади.

Электрон ҳисобварақ-фактуралар хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматик таҳлил қилинади.

Қайд этилишича, юқори хавф даражасига эга электрон ҳисобварақ-фактуралар улуши ҳисобот даврида барча ЭҲФларнинг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Агар ушбу чегарадан ошиш ҳолати кузатилса, ҚҚС суммаси сотувчи ёки харидор томонидан бюджетга тўлиқ тўланганидан сўнггина ҳисобга олинади.

Теглар

Мавзуга оид