add

Қозоғистон «Ўзтрансгаз»дан газ транзити учун 2 млн доллар талаб қилмоқда

Кеча 16:254782 Дақиқа

Қозоғистоннинг «Интергаз Марказий Осиё» компанияси газ транзити бўйича тўланмаган маблағ учун «Ўзтрансгаз»га нисбатан даъво қўзғатди.

Қозоғистон «Ўзтрансгаз»дан газ транзити учун 2 млн доллар талаб қилмоқда

Қозоғистоннинг QazaqGaz таркибидаги «Интергаз Марказий Осиё» компанияси «Ўзтрансгаз»га қарши «Астана» Халқаро молиявий маркази ҳузуридаги ҳакамлик судига мурожаат қилди. Компания Ўзбекистон газини Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилиш учун кўрсатилган хизматларга дахлдор тахминан 2 млн долларлик тўловлар амалга оширилмаганини таъкидламоқда. Даъво Қозоғистон томонининг техник ҳисоб-китоблари ва соҳа мутахассислари хулосаларига асосланиб шакллантирилгани қайд этилган.

«Ўзтрансгаз» эса айбловларни рад этмоқда. Компания транзит ҳажми аниқланадиган ўлчов узели Ўзбекистон ҳудудида жойлашганини, шу боис икки томон ҳисоб-китоблари ўртасида сезиларли фарқ мавжудлигини билдирмоқда. Унинг ҳуқуқий маслаҳатчилари даъвони асоссиз деб топиб, ҳакамликка қарши талаблар киритди.

Шундан сўнг иш юритуви вақтинча тўхтатилди ва жараёнга мустақил ташқи экспертлар жалб этилди. Эксперт хулосалари асосида баҳсни ҳал этишнинг кейинги босқичлари белгиланиши кутилмоқда. Ҳозирча икки давлат компаниялари ўртасидаги техник ва молиявий келишмовчиликлар мавжуд бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ўн ойида мамлакат газ экспорти 568,2 млн долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,1 фоизга ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2023 йилдан бери Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали «Марказий Осиё – Марказ» тизими бўйича тeскари йўналишда импорт қила бошлаган.

2024 йилда мамлакатга 5,64 млрд куб метр газ етказиб берилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 7,7 млрд куб метргача ошиши кутилмоқда. Транзит миқдорининг ўсиши икки томон ўртасидаги ҳисоб-китобларни янада мураккаблаштираётгани айтилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Қозоғистон «Ўзтрансгаз»дан газ транзити учун 2 млн доллар талаб қилмоқда | Vaqt.uz