
Қозоғистон ва АҚШ муҳим меморандум имзолади
Меморандум фойдали қазилмалар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очиши, шу орқали Қозоғистон иқтисодиётини халқаро бозорларга интеграция қилишни кучайтириши кутилмоқда.

6 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев расмий ташриф билан Вaшингтонга етиб борди. Ташриф доирасида Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида критик аҳамиятга эга бўлган минераллар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Акорда матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужжатга Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев ҳамда АҚШ савдо вазири Говард Латник имзо қўйган.
Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ташриф дастури давлат котиби Марк Рубио, савдо вазири Говард Латник ҳамда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашувдан бошланган.
Учрашув иштирокчилари икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг асосий жиҳатлари юзасидан фикр алмашган.
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Доналд Трамп билан музокаралар ўтказиши ва «Марказий Осиё - АҚШ» саммитида иштирок этиши режалаштирилмоқда.





