Logo

Қозоғистонда АҚШ кўмагида ядровий хавфсизлик маркази очилди

Бугун 09:002 дақиқа

Янги марказ радиацион вазиятни кузатиш, ядровий ҳодисаларга тайёргарлик кўриш ва фавқулодда ҳолатларда давлат идоралари ҳаракатини мувофиқлаштиради.

Қозоғистонда АҚШ кўмагида ядровий хавфсизлик маркази очилди

Қозоғистонда ядровий ва радиацион ҳодисаларни мониторинг қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларга жавоб беришга ихтисослашган янги марказ фаолиятини бошлади.

Марказ 2 октябрь куни Қозоғистон Атом энергияси агентлиги ҳузурида АҚШ Энергетика вазирлигининг Ядровий хавфсизлик миллий маъмурияти (NNSA) кўмагида ташкил этилган.

Янги марказнинг асосий вазифалари радиация ҳолатини кузатиш ва таҳлил қилиш, зарур маълумотларни тезкор алмашиш ҳамда ядровий ёки радиацион ҳодиса юз берган тақдирда давлат органлари ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан иборат.

Шунингдек, марказ мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш бўйича амалий машғулотлар ўтказишда иштирок этади.

Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади. Мамлакатда ядровий тадқиқот объектлари ҳам мавжуд. Шу билан бирга, Қозоғистон атом энергетикасини ривожлантириш режаларини амалга оширмоқда.

Жумладан, Балхаш кўли соҳилидаги Улкен қишлоғи яқинида биринчи янги атом электр станциясини қуриш режалаштирилган. Лойиҳада Россиянинг «Росатом» компанияси бошчилигидаги консорциум иштирок этмоқда. Мамлакат иккинчи атом электр станцияси учун ҳам жой танлаган ва унда Хитойнинг CNNC компанияси иштирок этиши кутилмоқда.

Янги марказнинг ташкил этилиши Қозоғистонда атом энергетикаси ривожланиши фонида ядровий ва радиацион хавфларга тайёргарлик тизимини кучайтиришга қаратилган.

Қозоғистон, шунингдек, ядровий ва радиацион фавқулодда вазиятлар ҳақида Халқаро атом энергияси агентлигининг халқаро ахборот алмашинуви тизими орқали ҳам маълумот олиши ва узатиши мумкин.

Теглар

Қозоғистонда АҚШ кўмагида ядровий хавфсизлик маркази очилди | Vaqt.uz