Қурбон ҳайити арафасида эҳтиёжмандларга 690 млрд сўмлик кўмак кўрсатилади

Бу маблағлар ҳисобидан етим болаларнинг ҳисобварақларига 200 доллардан маблағ тушириб берилади ҳамда масжид ва қабристонлар ободонлаштирилади.

Қурбон ҳайити арафасида эҳтиёжмандларга 690 млрд сўмлик кўмак кўрсатилади © Foto: prezident.uz

Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фондига 690 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан минглаб оғир беморларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, етим болаларнинг ҳисобварақларига 200 АҚШ долларидан маблағ тушириб берилади ҳамда масжид ва қабристонлар ободонлаштирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимотида маълум қилинди.

Тиббий ёрдам ва оғир беморларни даволаш

Ажратилаётган маблағларнинг муҳим қисми беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиғини тиклашга йўналтирилади. Жумладан, қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

• Оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилади;
• Онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган 2,3 минг нафар бемор тиббий текширувдан ўтказилиб, уларнинг даволаш ва жарроҳлик харажатлари қопланади;
• Камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш молиялаштирилади.

Ижтимоий ҳимоя ва молиявий кўмак

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, хусусан, болалар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли ишлар олиб борилади:

8 минг нафардан зиёд етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда қурбон бўлганларнинг фарзандлари учун очилган омонат ҳисобварақларига 200 доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
• Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга махсус озиқ-овқат тўпламлари тарқатилади.
• Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзилиб, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирлари ўтказилади.

Инфратузилмани яхшилаш ва ободонлаштириш

Ҳайит кунларида аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида диний масканлар инфратузилмасини яхшилашга ҳам эътибор қаратилади. Унга кўра:

• Республика бўйлаб 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қурилади, реконструкция қилинади ёки таъмирланади.
• Жойлардаги қабристонларни обод қилиш тадбирлари ташкил этилади.

Мазкур таклифлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, шунингдек, Маҳаллалар уюшмаси ва «Вақф» фонди томонидан ишлаб чиқилган. Тақдимот якунида Президент мутасаддиларга ушбу тадбирларни шаффоф ва аниқ манзилли тарзда ташкил этиш бўйича қатъий топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид