Рақобат қўмитаси кредит тўловлари бўйича Марказий банкка таклиф юборди
Қўмита маълумотига кўра, айрим банкларда ойлик кредит тўловидан ортиқча ўтказилган маблағлар асосий қарзни сўндиришга йўналтирилмай, транзит ҳисобварақларда қолиб кетмоқда. Бунинг оқибатида асосий қарз камаймай, унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaРақобат қўмитаси кредит тўловларини ҳисоблаш тартибини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банкка таклифлар киритди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, фуқаролар мурожаатларида айрим банкларда ойлик тўловдан ортиқча ўтказилган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолаётгани айтилган. Натижада қарз қолдиғи камаймайди ва унга фоиз ҳисобланиши давом этади.
Хусусан, «O‘zsanoatqurilishbank» ва «Hamkorbank» кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти белгиланган. Бироқ қўмитага кўра, амалда бу талаб бажарилмаётган ҳолатлар кузатилмоқда.
Банкларнинг мобил иловаларида ҳам кредит тўловларини бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги қайд этилган.
Қўмита ортиқча тўлов асосий қарзга йўналтирилмаслиги ва фоиз ҳисобланиши давом этишини истеъмолчилар ҳуқуқларига зид деб баҳолади. Шунингдек, банк дастурий таъминотидаги носозликлар мижознинг молиявий мажбуриятларини оширмаслиги кераклигини таъкидлади.
Қандай ўзгаришлар таклиф қилинди?
Рақобат қўмитаси Марказий банкка қуйидаги таклифларни киритди:
— жорий амалиёт ва хорижий тажриба асосида банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид Низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-банди талабларини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш;
— кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, муддатидан олдин тўлаш шартларини бевосита қонун даражасида, хусусан, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солиш.
Хориждаги тажрибаларни мисол қилиб келтирилди
Қайд этилишича, АҚШнинг айрим банкларида мижозлар иловада «Principal Only» — фақат асосий қарз учун белгисини танлаб, ортиқча маблағни қарзни камайтиришга йўналтириши мумкин.
Россияда истеъмол кредитини муддатидан олдин сўндириш учун қўшимча ҳақ олиш назарда тутилмаган.
Қозоғистонда эса кредитни муддатидан олдин жаримасиз сўндириш мумкин, қисман тўловда ойлик тўловни камайтириш ёки кредит муддатини қисқартириш имконияти мавжуд.
Европа Иттифоқида муддатидан олдин сўндиришда қолган даврга тегишли фоиз ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк банклардан омонат шартномаларида истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартларни бартараф этишни талаб қилганди.





