Рақобат қўмитаси Қурбон ҳайити олдидан савдогарларни огоҳлантирди

Бугун 11:052 дақиқа

Қурбон ҳайити арафасида озиқ-овқатга талаб кучайиши кутилар экан, Рақобат қўмитаси савдо тармоқларини нархларни барқарор ушлашга чақирди.

Рақобат қўмитаси Қурбон ҳайити олдидан савдогарларни огоҳлантирди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Рақобат қўмитаси мамлакатдаги йирик савдо тармоқлари ҳамда ҳудудлардаги савдо комплексларига Қурбон ҳайити арафасида ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини барқарор сақлаш муҳимлиги ҳақида огоҳлантириш юборди.

Қўмита маълумотига кўра, байрам олдидан айрим озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кескин ортиши мумкин. Бундай вазият эса маҳсулотлар таъминоти, логистика жараёнлари ва етказиб бериш занжирларида қўшимча босим пайдо қилиши эҳтимолини юзага келтиради.

Шу муносабат билан чакана савдо тармоқларига ҳамда ҳудудларда фаолият юритувчи савдо комплексларига етказиб берувчи корхоналар фаолиятини доимий кузатиб бориш вазифаси юклатилди.

Қўмита кўрсатмалари

Қайд этилишича, маҳсулот етказиб берувчилар томонидан нархларни ўзгартириш, логистика харажатлари ошиши ёки маҳсулот қийматига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа омиллар ҳақида Рақобат қўмитасига тезкор тарзда ахборот тақдим этилиши лозим.

Шунингдек, савдо тармоқлари ва комплексларга ҳамкор корхоналарни асоссиз нарх ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича огоҳлантириб бориш вазифаси ҳам белгиланган.

Қўмита аҳоли учун муҳим бўлган ижтимоий маҳсулотлар нархи кескин ўзгармаслиги учун ўз ваколатлари доирасида барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 27 май кунига тўғри келади.

Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, 10 мингдан ортиқ болада мураккаб операциялар ўтказиш ҳамда қарийб 2 минг нафар оғир касалликка чалинган фуқароларни даволаш учун қўшимча маблағлар ажратилади. Шунингдек, ҳайит арафасида эҳтиёжманд оилалар, бемор болалар ва масжидлар учун жами 690 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид