Рекорд экспорт ортидаги ёлғон: Хитойнинг иқтисодий заифлиги яширилмоқда
Хитой экспорти 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида 16,4 фоизга ўсди. Бироқ зарар билан ишлаётган саноат корхоналари улуши 2018 йилдан бери икки бараварга кўпайиб, 30 фоизга етган. «The Atlantic» нашри бу ҳолатни самарасиз корхоналарнинг субсидиялар ҳисобига фаолиятини давом эттириши ва иқтисодиётда «зомби компаниялар» кўпайиши билан боғламоқда.
© dragon-china.ruХитойнинг жаҳон бозорларидаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакат автомобиллар, электрон компонентлар, саноат ускуналари ва бошқа турдаги маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтирмоқда.
«The Atlantic» нашри эълон қилган таҳлилида таъкидланишича, Хитой иқтисодиётидаги асосий муаммолардан бири — ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайишига қарамай, корхоналарнинг етарли даражада фойда ололмаётганидир. Лондондаги «Capital Economics» тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, зарар билан ишлаётган Хитой саноат корхоналари улуши 2018 йилдан бери икки баравар кўпайиб, 2026 йилга келиб 30 фоизга етган.
Нашр бу ҳолатни маҳаллий ҳокимиятларнинг иш ўринларини сақлаб қолиш ва иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини таъминлаш мақсадида самарасиз корхоналарни субсидиялар орқали сунъий қўллаб-қувватлаётгани билан изоҳлайди. Натижада айрим корхоналар бозор шароитида мустақил фаолият юритиш учун етарли даромад топмаса-да, барибир ишлашда давом этмоқда.
Экспорт рекорд даражага чиқмоқда
Хитойнинг ташқи савдоси жуда тез суръатларда ўсмоқда. Мамлакат Божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида товарлар экспорти ва импортининг умумий қиймати 39,94 триллион юанга, яъни тахминан 5,94 триллион долларга етган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 18,8 фоизга кўп.
Экспорт 23,2 триллион юанни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 16,4 фоизга ошган. Импорт эса 16,74 триллион юанга етган ва 22,3 фоизга ўсган. Хитойнинг расмий маълумотларига кўра, ташқи савдодаги бундай ўсиш суръати охирги беш йил ичидаги шу даврлар орасида энг юқори кўрсаткичдир.
«Bloomberg» хабарига кўра, сентябр ойида Хитойнинг товар савдосидаги ижобий салдоси қарийб 134 миллиард долларни ташкил этган. Январ–сентябр даврида эса бу кўрсаткич 938 миллиард долларгача етган. Агар шу суръат сақланиб қолса, мамлакат 2025 йилдаги 1,2 триллион долларлик йиллик рекорддан ҳам ошиб кетиши мумкин.
Нега Хитойда айрим корхоналар зарар билан ишламоқда?
«The Atlantic» таҳлилида бу муаммонинг бир нечта сабаби кўрсатиб ўтилган. Улар қаторида ички талабнинг заифлиги, ишлаб чиқариш қувватларининг ҳаддан ташқари ортиқчалиги, компаниялар ўртасидаги кескин нарх рақобати ва маҳаллий ҳокимиятларнинг самарасиз корхоналарни қўллаб-қувватлаши саналади.
Мамлакатда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга узоқ вақт давомида иқтисодий ривожланиш ва технологик мустақилликни мустаҳкамлаш воситаси сифатида қараб келинган. Бироқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти ички ва ташқи бозорлардаги талабдан тезроқ ўсса, корхоналар ўртасидаги рақобат кескинлашиб кетади.
Бундай вазиятда компаниялар харидорларни жалб қилиш учун маҳсулот нархини пасайтиришга мажбур бўлади.
«The Atlantic» келтирган «Capital Economics» таҳлилига кўра, Хитойдаги айрим саноат корхоналари зарар кўриб ишлаётганига қарамай солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва маҳаллий ҳокимиятларнинг тинимсиз ёрдами орқали ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Нашр бундай корхоналарни иқтисодий таҳлилда «зомби компаниялар» деб аталадиган тоифага киритади. Бу атама юридик жиҳатдан расман банкрот бўлган эмас, балки фаолияти етарли самара бермаса-да, ташқи молиявий ёрдам ҳисобига фаолият юритишда давом этаётган корхоналарга нисбатан қўлланилади.
Қарз юки ҳам ўсиб бормоқда
«The Atlantic» таҳлилида Хитойнинг яна бир заиф томони сифатида молиявий ресурсларнинг самарасиз корхоналарга узоқ вақт мобайнида йўналтирилиши ва қарз юкининг муттасил ортиб бориши кўрсатилган.
Хитойнинг молиявий сектордан ташқари умумий қарзи ЯИМнинг 300 фоизидан ҳам ошиб кетган. Бу кўрсаткич 2010 йилдан бери қарийб икки бараварга ошган.
Хитой экспорти ташқи савдо тўсиқларига дуч келмоқда
Хитой корхоналари фойда олиш мақсадида ташқи бозорларга кўпроқ таянаётган бир пайтда, уларнинг маҳсулотларига нисбатан савдо чекловлари ҳам тобора кучайиб бормоқда.
«Reuters» агентлиги таҳлилига кўра, Европа Иттифоқи Хитойдан импортни чеклаш, антидемпинг ва субсидияларга қарши текширувларни кенгайтириш имкониятларини жиддий муҳокама қилмоқда. Агентлик маълумотида 2025 йилда Европа Иттифоқининг Хитой билан товар савдосидаги тақчиллиги 370 миллиард евродан ошгани, 2026 йилда эса 400 миллиард евродан ҳам юқорига чиқиб кетиши мумкинлиги айтилган.
Европа Иттифоқи ва Хитой октябр ойида гибрид автомобиллар савдоси бўйича ҳам муайян келишувга эришди. Европа савдо комиссари Марош Шефчовичнинг таъкидлашича, мазкур келишув Хитойдан Европа бозорига гибрид ва қувватланадиган гибрид автомобиллар экспортини ярмидан кўпроққа қисқартириши мумкин.
Бироқ Хитой Савдо вазирлиги ушбу келишувни бошқача изоҳлаган: унинг расмий баёнотига кўра, келишув экспортнинг давом этишига шароит яратади ва Хитой учун бошқа давлатларга нисбатан кам бўлмаган квотани тўлиқ кафолатлайди.
Савдо чекловлари Хитой компанияларининг ташқи бозорларда даромад олиш имкониятига катта зарба бериши мумкин. «The Atlantic» таҳлилида бу ҳолат мамлакатнинг бошқа давлатларга иқтисодий қарамлик орқали босим ўтказиш имкониятини ҳам чеклаб қўйиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.





