Logo

Роғун ГЭС қурилишида авария: бешдан ортиқ ишчи жароҳатлангани айтилмоқда

Ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилмаган, қурилишдаги меҳнат хавфсизлигига оид саволлар эса яна долзарблашди.

Роғун ГЭС қурилишида авария: бешдан ортиқ ишчи жароҳатлангани айтилмоқда © Foto: https://www.ritmeurasia.ru

Тожикистондаги Роғун гидроэлектр станцияси қурилиш майдонидаги туннеллардан бирида тупроқ ўпирилиши юз берди. Ҳодиса 22 октябр куни содир бўлган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бир нечта киши тупроқ остида қолган ва бешдан ортиқ ишчи жароҳатланган.

Қайд этилишича, туннел яқинидаги қояли ҳудудда қазиш ишлари вақтида тупроқ ва тошлар тўпланиб қолган. Кейинчалик йиғилган сув таъсирида ушбу масса пастга қулаган.

Роғун ГЭСи вакиллари ҳозирча воқеа юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.

ГЭС қурилишида аввал ҳам ишчилар ҳалок бўлган

Роғун ГЭСи қурилиш майдонидаги хавфсизлик масалалари аввал ҳам кўтарилган. 2024 йил 12 ноябрда станцияда содир бўлган бошқа бир бахтсиз ҳодиса оқибатида уч ишчи ҳалок бўлган, яна бир киши жароҳатланган эди.

2025 йил январ ойида мазкур ҳодиса бўйича текширув натижалари ҳам маълум қилинган.

«Asia-Plus» нашрининг хабарига кўра, Тожикистондаги тегишли давлат хизмати раҳбари Санъат Раҳим ишчилар платформани маҳкамлашда талаб қилинган олти нуқта ўрнига уч нуқтадан фойдаланганини ва монтаж камарларини тақмаганини билдирган. Оғир юк беқарорлашиб силжиганидан кейин арқон узилиб, ишчилар ва конструкция қулаган. Ҳодиса юзасидан масъул шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳам маълум қилинган.

Қурилишда 20 мингдан ортиқ киши ишлайди

Роғун ГЭСида меҳнат шароитлари ва ишчилар хавфсизлигига оид тартиблар ҳам янгиланган. «Asia-Plus»нинг таҳлилига кўра, 2026 йил сентябрида ходимларни бошқариш, меҳнат шароитлари ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартибининг янги таҳрири эълон қилинган.

Ҳужжат Тожикистон қонунчилиги ва «Жаҳон банки»нинг меҳнат муносабатларига оид ESS2 стандарти ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ҳужжат маълумотларига кўра, 2026 йил август ҳолатида ГЭС қурилишида 20 563 киши ишлаган. 2023 йил охирида бу кўрсаткич 14 877 нафарни ташкил этган. Уч йилга яқин вақт ичида қурилишдаги ходимлар сони тахминан 38 фоизга ошган.

«Asia-Plus» аввалги ҳужжатлар ва текширув натижаларини таҳлил қилиб, 2023 йилда айрим пудратчиларда меҳнат шартномаларини расмийлаштириш, иш вақти ва дам олиш тартиби, ҳимоя воситалари, ёритиш ҳамда ускуналар хавфсизлиги бўйича камчиликлар қайд этилганини ёзган.

Роғун ГЭСи нима учун муҳим?

Роғун ГЭСи Тожикистоннинг Вахш дарёсида қурилмоқда. Лойиҳа тугалланганда тўғон баландлиги 335 метрга етиши ва станциянинг ўрнатилган қуввати 3 780 мегаваттни ташкил этиши режалаштирилган.

«Жаҳон банки» маълумотларига кўра, станция йилига 14 400 гигаватт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши, Тожикистондаги 10 миллион кишининг арзон ва ишончли электр энергиясидан фойдаланиш имкониятини яхшилаши кутилмоқда. Ортиқча электр энергиясининг бир қисмини Қозоғистон ва Ўзбекистонга экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.

2026 йил 30 июнда «Жаҳон банки» лойиҳанинг иккинчи босқичини молиялаштириш учун 300 миллион долларлик грантни маъқуллаган. Бу маблағ қурилиш ишлари, электр энергияси ишлаб чиқариш ускуналари, сифат назорати ва хавфсизлик чораларини молиялаштиришга йўналтирилади.

«Жаҳон банки»нинг Роғун ГЭСи бўйича лойиҳа саҳифаси банкнинг умумий молиявий мажбуриятлари 650 миллион долларга етганини қайд этган.

Теглар

Мавзуга оид