Россия армиясида энг кўп ўзбекистонликлар ҳалок бўлмоқда

Бугун 12:302 дақиқа

2022 йилдан буён камида 130 дан ортиқ давлатдан ўн минглаб хорижликлар Россия армиясига жалб қилинган. Уларнинг катта қисми Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон фуқароларидан иборат.

Россия армиясида энг кўп ўзбекистонликлар ҳалок бўлмоқда © AP

Россия-Украина уруши давомида Россия армияси сафига жалб қилинган хорижий фуқаролар орасида энг катта йўқотишлар ўзбекистонликлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи “Truth Hounds” ташкилоти эълон қилган ҳисоботда маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, Россия томонида камида 481 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич хорижий фуқаролар орасида энг юқори ҳисобланади. Кейинги ўринларда Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари қайд этилган.

Ўзбекистон бугун Россия армиясида хизмат қилаётган хорижлик ёлланма аскарлар сони бўйича етакчи давлат ҳисобланади. Нодавлат манбалар маълумотларига кўра, камида 4 707 нафар ўзбек фуқароси Россия томонида Украинага қарши жанг қилган ёки ҳозир ҳам иштирок этмоқда.

Улардан 498 нафари 2023 йилда, 941 нафари 2024 йилда ва 2025 йилнинг дастлабки олти ойида деярли 1 300 нафар ўзбек фуқароси Россия билан ҳарбий шартнома имзолаган. Шунингдек, Россия армияси сафида асирга тушган хорижликлар орасида ҳам ўзбеклар сони энг кўп экани қайд этилган.

Тадқиқот муаллифлари рекрутинг жараёни асосан ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясиз қатлам — меҳнат мигрантларига қаратилганини таъкидламоқда. Хусусан, мигрантлар яшайдиган жойларда ва масжидларда рейдлар кўпайгани, айрим ҳолатларда ҳарбий шартнома депортация ёки жиноий таъқибдан қутулиш воситаси сифатида таклиф этилгани қайд этилган.

Шунингдек, ҳужжатларда босим ўтказиш, ҳужжатларни тортиб олиш, сохта айбловлар қўйиш ва жисмоний тазйиқ ҳолатлари ҳам тилга олинган. Айрим хорижликлар Россия фуқаролигини олиш ёки Европага чиқиш ваъдалари билан жалб қилингани, аммо амалда тилни билмасдан туриб шартнома имзолашга мажбур бўлгани айтилган.

Қисқа ҳарбий тайёргарликдан сўнг уларнинг кўпчилиги фронтнинг энг хавфли ҳудудларига юборилган.

Тадқиқотчилар бу жараённи оддий рекрутинг эмас, балки алдаш, мажбурлаш ва эксплуатация элементларини ўз ичига олган ҳолда одам савдоси белгиларига яқин ҳолат сифатида баҳолаган.

Ҳисоботда таъкидланишича, хорижликларни Россия армиясига жалб қилиш тизими тасодифий эмас, балки тизимли тусга эга бўлиб, бу ҳолат минтақавий хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан жиддий хавотир уйғотмоқда.

Теглар

Мавзуга оид