Россия Давлат думаси ОАВларга суд қарорисиз амалдорларни айблашини тақиқловчи қонунни кўриб чиқмоқда
Россияда «айбловчи маълумот» тушунчаси жорий этилиши мумкин: унга кўра, суд қарори чиқмасдан туриб амалдорлар ёки ширкатларни ноқонуний хатти-ҳаракатларда гумон қилиш ОАВ учун тақиқланади.

Татарстон Давлат кенгаши томонидан Давлат думасига киритилган қонун лойиҳаси ОАВ ва журналистларнинг фаолиятини кескин чеклашни назарда тутади. Ҳужжатга кўра, суднинг якуний қарори кучга кирмагунча, бирор шахс ёки юридик шахс ҳақида «айбловчи маълумот» тарқатиш мумкин эмас.
Энг эътиборли жиҳати, журналистларнинг «тахминларга кўра», «манбалар хабарига кўра» ёки «эҳтимол» каби эҳтиёткор иборалардан фойдаланиши ҳам жавобгарликдан озод қилмайди. Агар материал ўқувчида «айблов» таассуротини уйғотса, бу қонунбузарлик деб ҳисобланади.
Ушбу ташаббус доирасида жарималар миқдори ҳам белгиланган: фуқаролар учун 300 минг рублгача, мансабдор шахслар учун 700 минг ва юридик шахслар учун 2 млн рублгача. Қонун муаллифлари буни «айбсизлик презумпцияси» ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлашмоқда. Бироқ, экспертлар ва мустақил нашрлар бу чора коррупцияга қарши суриштирувларни бутунлай тўхтатиб қўйишидан хавотирда.
Журналистик суриштирувларга зарба
Янги қонун лойиҳаси нафақат маълумот тарқатишни, балки журналистик суриштирувлар асосида текширувлар ўтказишни ҳам чеклайди. Энди давлат назорати органлари журналистлар томонидан «ноқонуний йўл билан» олинган маълумотлар асосида режадан ташқари текширувлар ўтказа олмайди. Бу ерда «яширин аудио ва видеоёзувлар», «чекланган ҳудудларга кириш» ва «тижорат сирини қўлга киритиш» орқали тўпланган далиллар яроқсиз деб топилади.
Бу ўзгаришлар ОАВнинг жамиятдаги назоратчилик функциясини деярли йўққа чиқаради. Ҳатто энг эҳтиёткорлик билан ёзилган коррупция ҳақидаги мақолалар ҳам «билвосита айблов» сифатида баҳоланиб, нашрни йирик жаримага тортишга асос бўлиши мумкин.
«Baza» телеграм каналининг қайд этишича, қонун қабул қилинса, амалдорлар ва бизнесменларнинг ножўя ҳаракатлари ҳақидаги ҳар қандай танқидий материал қонундан ташқарига чиқиб қолади.
Ҳимоя ниқобидаги цензура
Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида айтилишича, бу чоралар шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун зарур. Бироқ, амалда бу коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини ёритишни имконсиз қилади. Суд жараёнлари йиллаб давом этиши мумкинлигини инобатга олсак, ОАВ фақат эскирган ва жамият учун қизиқишини йўқотган суд қарорларинигина эълон қилиш билан чекланиб қолади.
Шунингдек, давлат органларига келиб тушадиган шикоятлар фақат «қонуний йўл билан олинган тасдиқловчи материаллар» бўлгандагина кўриб чиқилади. Бу дегани, агар фуқаро бирор амалдорнинг қонунбузарлигини яширинча видеога олиб, шикоят қилса, бу далил сифатида қабул қилинмаслиги мумкин. Бундай ёндашув давлат бошқарувида шаффофликни камайтириб, ижтимоий назоратни заифлаштириши тайин.





