Logo

Россия мигрантлар учун давлат божларини кескин оширди

Бугун 12:252 дақиқа

Президент Владимир Путин имзолаган қонунга мувофиқ, Россия фуқаролигини олиш, яшаш гувоҳномаси, виза ва бошқа миграция хизматлари учун давлат божлари бир неча баробарга оширилади.

Россия мигрантлар учун давлат божларини кескин оширди © rbc.ru

Vaqt.uz аввалроқ миграция хизматлари учун давлат божлар кескин оширилиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан тақдим қилингани ҳақида хабар берганди.

Ушбу тартиб 26 июнь куни Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, Россия фуқаролигини олиш ёки ундан чиқиш учун давлат божи 4,2 минг рублдан 50 минг рублгача оширилади. Яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш учун тўлов эса 6 минг рублдан 30 минг рублгача кўтарилади.

image_2026-06-28_09-48-25

Шунингдек, яшаш гувоҳномасини алмаштириш учун 6 минг рубл, вақтинчалик яшаш рухсатномаси йўқолгани, шикастлангани ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат алмаштирилган ҳолларда янги ҳужжат расмийлаштириш учун 5 минг рубл давлат божи ундирилади.

Россияга кириш учун таклифнома расмийлаштириш тўлови ҳар бир таклиф этилган шахс учун 960 рублдан 8 минг рублгача оширилади.

Россияга кириш ва чиқиш визаси учун давлат божи 1,2 минг рублдан 2 минг рублгача, кўп марталик виза учун эса 1,92 минг рублдан 6 минг рублгача кўтарилади.

Вақтинчалик яшаш рухсатномасини расмийлаштириш учун давлат божи 1,92 минг рублдан 15 минг рублгача оширилади. Таълим олиш мақсадида бериладиган кириш визаси учун давлат божи 8 минг рубл этиб белгиланган.

Шу билан бирга, чет эллик ишчиларни жалб қилиш учун рухсатнома расмийлаштириш тўлови ҳам 12 минг рублдан 15 минг рублгача оширилади.

Қонун айрим тоифадаги шахслар учун имтиёзларни ҳам назарда тутади. Хусусан, Россия манфаатларига хизмат қилувчи хорижий мутахассислар, олимлар, маданият арбоблари ва бошқа айрим тоифадаги шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш учун давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Бундан ташқари, собиқ СССР фуқаролари, Россияга ихтиёрий кўчиб келиш давлат дастури иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Украинадаги уруш даврида камида бир йил муддатга Россия армияси билан шартнома тузган хорижликлар ҳамда уларнинг оила аъзолари айрим давлат божларини тўлашдан озод этилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ўтгач кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид