add

Россия нефти нархи сўнгги 2,5 йилда энг паст даражага тушди

Бугун 20:552041

Urals нефтининг нархи баррелига 36,61 долларгача пасайди. АҚШ санкциялари кучга кирмасдан аввал бозор Россия ёқилғиcидан юз ўгиряпти.

Россия нефти нархи сўнгги 2,5 йилда энг паст даражага тушди

2023 йил март ойидан буён илк бор Россиянинг Urals маркали нефт нархи 36,61 долларгача тушиб кетди. Bloomberg агентлиги маълум қилишича, бу таназзул АҚШнинг «Роснефт» ва «Лукойл»га қарши санкциялари кучга киришидан бир неча кун олдин юз берган. Argus Media эса Болтиқ денгизи бандаргоҳларида ҳам шунга ўхшаш пасайиш қайд этилганини билдирган.

Brent нефтига нисбатан Urals учун берилган чегирма 23,52 долларгача етди — бу 2023 йил июнидан буён кузатилмаган ҳолат. Бу Россия нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёткор муносабат ва АҚШнинг иккинчи даражали санкциялар ҳақидаги огоҳлантируви билан изоҳланмоқда.

Argus маълумотларига кўра, Хитой ва Ҳиндистонга етказилаётган Россия нефт маҳсулотлари ҳатто етказиб бериш харажатлари инобатга олинмасдан ҳам Brent’дан бир неча долларга арзон.

Россия ёқилғиcига талаб кескин камайишига АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг 22 октябрда «Роснефт» ва «Лукойл»га нисбатан жорий қилган санкциялари сабаб бўлди. Бизнес учун ушбу компаниялар билан алоқани тўхтатиш бўйича сўнгги муддат 21 ноябр қилиб белгиланган.

Натижада, Хитой, Ҳиндистон ва Туркиядаги айрим нефтни қайта ишлаш заводлари Россиядан харидларни тўхтатиб, ўрнини босувчи манбаларни излашга ўтди. Нефт нархи пасайиши Россия бюджетига солиқ тушумлари камайиши орқали таъсир кўрсатиши мумкин. Мамлакат бюджети даромадининг тахминан 25 фоизи нефт ва газ ҳисобидан шаклланади.

Теглар

Мавзуга оид

Россия нефти нархи сўнгги 2,5 йилда энг паст даражага тушди | Vaqt.uz