Россия ўз захирасидаги олтинларни сотишни бошлади

21.02.2026 | 09:282 дақиқа

Нефт ва газ тушумлари қисқараётган бир пайтда Россия Марказий банки олтин тилласини камайтирди. Январ ойида захира 300 минг унцияга қисқаргани маълум бўлди.

Россия ўз захирасидаги олтинларни сотишни бошлади

Россия Марказий банки узоқ танаффусдан сўнг тилла захираларини қисқартирди. «Bloomberg» маълумотига кўра, январ ойида захира ҳажми 300 минг унцияга камайиб, 74,5 млн унцияни ташкил этган. Бу ўтган йил октябридан бери қайд этилган биринчи пасайишдир.

Агентликнинг таъкидлашича, операция жаҳон бозорида тилла нархи тарихий максимумга чиққан пайтга тўғри келган. Январ ойида ўртача нарх бир унция учун тахминан 4700 доллар атрофида бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу сотув бюджетга тахминан 1,4 млрд доллар тушум келтирган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, жисмоний ҳажм камайганига қарамай, тилланинг пул ифодасидаги умумий қиймати 23 фоизга ошган. Бу жаҳон бозорида нархлар рекорд даражада ўсгани билан изоҳланмоқда.

 

Нефт тушумлари босими

Марказий банк олтин захираларини Миллий фаровонлик жамғармаси активларини сотиш билан боғлиқ операцияларда фаолроқ қўллай бошлаган. Бу эса давлат молия сиёсатидаги ўзгаришларга ишора қилмоқда.

Россия Молия вазирлиги нефть ва газ экспортидан тушаётган даромадлар камайишини қоплашга ҳаракат қилмоқда. Энергия ресурслари нархининг пасайиши ва ташқи чекловлар бюджетга босимни кучайтирган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, олтин тилласини сотиш қисқа муддатли ликвидлик муаммосини юмшатиши мумкин, бироқ бу узоқ муддатли барқарорлик учун етарли механизм эмас.

 

Бюджет мувозанати

Россия бюджети сўнгги ойларда нефт ва газ тушумларига катта даражада боғлиқлигини намоён этмоқда. Энергетика сектори федерал даромадларнинг салмоқли қисмини таъминлайди.

Нефтдан келаётган долларлар қисқариши бюджет тақчиллигини ошириш хавфини кучайтирмоқда. Шу шароитда олтин захираларини қисқартириш молиявий манёвр сифатида кўрилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, захира активларини сотиш тактик чора бўлиб, иқтисодий босим давом этса, давлат молия сиёсатида янада кескин қарорлар талаб этилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид