add

Россия пропогандаси Қирғизистонга кирмоқда. «Номад» номли янги телеканал ишга туширилади

Телеканал Кремл томонидан молиялаштириладиган RT тарғибот канали ҳамда Молдовадан қочган бизнесмен Илон Шор билан боғлиқ.

Россия пропогандаси Қирғизистонга кирмоқда. «Номад» номли янги телеканал ишга туширилади

Қирғизистонда Россия томонидан молиялаштириладиган тарғибот системаси кенгаймоқда: у ерда RT канали билан боғлиқ янги «Номад» телеканали ишга туширилади. Бу ҳақда «Медуза» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, телеканал ташкил этилаётгани ҳақида илк маълумотлар бир неча ой олдин пайдо бўлган. Янги ОАВ учун ходимлар ёллаш аввал Қирғизистондаги Россия агентлиги — Спутникнинг маҳаллий офисида ишлаган муҳаррирлар томонидан олиб борилган. Янги каналдаги лавозимлардан бирини Спутникнинг Қирғизистондаги бош муҳаррири Эркин Алимбеков эгаллаган. Унинг рафиқаси, Миллий телерадиокомпания журналисти Светлана Акматалиева эса ишга қабул қилинган ходимларни ўқитмоқда.

«Номад» ўз жамоасини Қирғизистондаги бошқа ОАВлардан ҳам тўлдиряпти. Бир нечта журналистлар давлат телерадиокомпаниясидан, яна бошқалари «7-канал»дан янги телеканалга ишга ўтган.

«7-канал» директори ва Қирғизистон журналистлар уюшмаси раиси Илёсбек Балташевнинг айтишича, кадрлар ўзгаришининг асосий сабаби — юқори маош. Маҳаллий ОАВ эса «ташқаридан молиялаштирилаётган йирик медиа тузилмалар» билан рақобат қила олмаяпти.

Янги канални ким молиялаштириши ҳозирча номаълум. Балташевнинг айтишича, «уни Россия молиялаштириши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар бор».

Янги каналнинг бош продюсери — россиялик Анна Абакумова. У аввал Russia Today (RT) медиагуруҳида ишлаган. Россия Украина билан уруш бошлагач, Абакумова Россия босиб олган ҳудудларда — Луганск ва Донетск областларида, жумладан вайрон бўлган Мариуполда ҳам репортажлар тайёрлаган.

Журналистларнинг айтишича, «Номад» учун ёлланган ходимлар махсус «Евроосиё» марказида ўқитилмоқда. Бу муассаса Россияда 2024 йилда ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, маданият, таълим, тиббиёт, ёшлар билан ишлаш ва медиа йўналишларида лойиҳалар юритади, журналистлар ҳамда блогерларга грантлар беради.

Маълум қилинишича, «Евроосиё»ни молдовалик бизнесмен Илон Шор ташкил қилган. Ташкилот васийлик кенгаши таркибида RT бош муҳаррири ҳам, Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ҳам бор. Қирғизистонда эса Шор ва унинг тузилмалари кенг кўламли фаолият бошлаб юборган: журналистика ва бошқа мутахассисликлар бўйича курслар ташкил қилган, мактабларга автобуслар совға қилган, Бишкекда «Евроосиё» боғини барпо этган, шунингдек, арзон нархли ижтимоий дўконлар очган.

Ҳозир Қирғизистонда ўнлаб хорижий оммавий ахборот воситалари ёки уларнинг филиаллари фаолият юритмоқда: АҚШ Конгресси томонидан молиялаштириладиган «Озодлик radiosi», Британиянинг «Би-Би-Си» корпорацияси, Германия, Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатлар нашрларининг мухбирлари Бишкекда аккредитациядан ўтган. Аммо Қирғизистон ахборот майдонида бошқаларга қараганда Россиянинг кун тартиби кенгроқ тақдим этилади. У ерда Россиянинг «Первый канал», «Россия 24», «Культура» ва «Звезда» телеканаллари эфирга узатилади, Россия газеталари («Аргументы и факты», «Российская газета», «Московский комсомолец» ва «Комсомольская правда») тарқатилади, шунингдек, Россиянинг «Sputnik» ахборот агентлиги ҳам фаолият юритади.

Теглар

Мавзуга оид

Россия пропогандаси Қирғизистонга кирмоқда. «Номад» номли янги телеканал ишга туширилади | Vaqt.uz