add

Россия Украинадаги барча давлатга тегишли ИЭСларини ишдан чиқарди

8 ноябр куни Украина энергетикасига қилинган энг йирик ҳужум оқибатида «Центрэнерго»га қарашли барча иссиқлик электр станциялари тўлиқ фаолиятини тўхтатди.

Россия Украинадаги барча давлатга тегишли ИЭСларини ишдан чиқарди

Россия армиясининг 8 ноябр куни кечаси амалга оширган ҳаваодан ҳужумлари Украина энергетикасига уруш бошланганидан бери энг йирик зарар етказди. «Центрэнерго» давлат компанияси маълум қилишича, унинг таркибига кирувчи барча иссиқлик электр станцияларининг генерация имконияти тўлиқ йўқолган.

Корхона баёнотида қайд этилишича, «2024 йилдаги вайронкор ҳужумдан сўнг тикланган станциялар яна бир неча дақиқа оралиғида бир неча ракеталар ва дронлар билан ўққа тутилди». Компаниянинг таъкидлашича, бу каби кенг кўламли ҳужумдан буён бир ой ҳам ўтмаган эди.

«Бу тун — бизнинг бутун генерациямизни бир вақтда қулатди. Биз ҳарбий объект эмасмиз. Бизда фақат фуқаролар ишлайди. Ҳозир — нол! Ҳеч қандай электр ишлаб чиқариш қолмади», — дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, компания энергетик тармоқ фаолиятини тиклашга ваъда берди: «Бизда бошқа йўл йўқ. Украина синмайди!»

«Центрэнерго» таркибидаги Змеёвска, Триполска ва Углегорска ИЭСлардан сўнггиси айни пайтда Россия қўшинлари назоратидаги ҳудудда жойлашган.

Ҳужумдан сўнг Украинада бир қатор областларда фавқулодда электр ўчирилиши амалга оширилди. Киев шаҳрида икки марта электр таъминоти тўлиқ узилди, график асосидаги узилишлар кенгайтирилди. Энг оғир зарар Кременчук шаҳрига етди — шаҳар тўлиқ электр таъминотисиз қолди.

Ҳужум транспорт тизими ишига ҳам таъсир кўрсатди. Баъзи поездлар кечикиб ҳаракатланди, божхона маълумот базалари ишида узилиш кузатилиб, бир неча соат давомида давлат чегараси орқали ўтиш тўхтатилди.

Теглар

Мавзуга оид

Россия Украинадаги барча давлатга тегишли ИЭСларини ишдан чиқарди | Vaqt.uz