
Россияда юзлаб кичик шаҳарлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида
Россияда ёшлар оқими кучайиши, инфратузилманинг чеклангани ва аҳоли қариши туфайли юзлаб кичик шаҳарлар яқин йилларда умуман йўқолиб кетиши мумкинлиги ҳақида таҳлил эълон қилинди.

Россияда аҳолиси 50 минг нафардан кам бўлган кўплаб шаҳарлар демографик инқироз остонасига келиб қолгани маълум қилинди. Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ)нинг ТАСС танишган ҳисоботига кўра, ёшлар кичик шаҳарларни тарк этиб, катта марказлардаги яхши маош, таълим ва ривожланиш имкониятларини изламоқда. Шу билан бирга, катта ёшли аҳоли сони табиий камайиб бораётгани кичик шаҳарлар учун янада оғир оқибатларга олиб келмоқда.
Тадқиқотда айтилишича, муаммо фақат иш ҳақининг пастлиги билан боғлиқ эмас. Кичик шаҳарларда инфратузилманинг камлиги, маданий ва иқтисодий ривожланиш имкониятларининг йўқлиги ёшларни ноумид қилмоқда. Масалан, 18–24 ёшдагилар орасида келажакка оптимизм даражаси атиги 33 фоизни ташкил этади, миллионер шаҳарларда эса бу кўрсаткич 53 фоизга тенг.
Россияда жами 1120 та шаҳар мавжуд бўлиб, уларнинг 70 фоиздан ортиғини кичик шаҳарлар ташкил қилади. Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилда бу шаҳарларда аҳоли сони 314,5 минг нафарга қисқарган. Демографлар баҳосига кўра, яқин истиқболда 129 та кичик шаҳар умуман харитадан йўқолиб кетиши мумкин. Айниқса, шимолий кўмир, металлургия ва ўрмон саноати ҳавзасига кирувчи шаҳарлар — Порхов, Заволжйе, Нолинск ва бошқалар юқори хавф зонасида.
Айрим мутахассислар бу жараённи энди тўхтатиб бўлмайди, деб ҳисобламоқда. «Газпром инвест» раҳбариятидан Иля Козлов ҳатто «ҳукумат ўлаётган шаҳарларни қутқаришни тўхтатиши керак», деган фикрни илгари сурган. У бошқа юқори мансабдорлар каби, Россияда кичик шаҳарларни ривожлантириш учун «етарли инсон ресурси йўқ»лигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, ҳукумат 2017 йили йирик шаҳарлар атрофида 20 та агломерация барпо этиш режасини эълон қилган эди. Бу модел кичик шаҳарларни йўқ қилиш эмас, балки уларни иқтисодий марказлар билан боғлаш орқали қўллаб-қувватлашни кўзлаган эди. Лекин ҳозирги натижалар режалар бажарилишида жиддий узилишлар борлигини кўрсатмоқда.





