Самарқанддаги тўртта олийгоҳ қайта ташкил этилади
Президент қарори билан Самарқанддаги бир нечта университет ва филиаллар бирлаштирилиб, янги техника университети ташкил этилади.
© Foto: fiep.admission.samdu.uzЎзбекистон Республикаси Президентининг «Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат Самарқанд вилоятидаги қатор олий таълим муассасаларини қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутади.
Қарорга мувофиқ, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади.
Шунингдек, Самарқанд давлат университетига «Тошкент ахборот технологиялари университети» Самарқанд филиали қўшиб олинади.
Филиаллар бирлаштирилади
Қарор билан Самарқанд давлат педагогика институтига Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали қўшиб олинади.
Мазкур филиал негизида Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилади.
Яна бир муҳим ўзгариш сифатида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига «Тошкент давлат иқтисодиёт университети» Самарқанд филиали қўшиб олинади.
Хорижий стажировкалар бошланади
Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан мазкур қарорда кўзда тутилган олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ва докторантлари хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига малака ошириш ва илмий стажировкаларга юборилади.
Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан Самарқанд давлат техника университетида Интеллектуал сув технологиялари илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади.





