Logo

Саудия Арабистонидаги ҳужумлардан кейин ҳам Ўзбекистоннинг Жидда ва Мадинага парвозлари давом этмоқда

Бугун 12:101 дақиқа

Ар-Риёд халқаро аэропортига бир ҳафта ичида учинчи ҳужум уюштирилди. Ҳодиса оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 309 киши яраланди. «Uzbekistan Airways» эса Тошкентдан Жидда ва Мадинага парвозлар тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилаётганини билдирди.

Саудия Арабистонидаги ҳужумлардан кейин ҳам Ўзбекистоннинг Жидда ва Мадинага парвозлари давом этмоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Саудия Арабистонидаги Ар-Риёд халқаро аэропортига 10-октябрь куни уюштирилган ҳужум оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, 309 киши яраланди. Шунга қарамай, «Uzbekistan Airways» 11-октябрь куни Тошкентдан Жидда ва Мадинага парвозлар тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилишини маълум қилди.

Reuters хабарига кўра, бу бир ҳафта ичида аэропортга қилинган учинчи ҳужум ҳисобланади. Ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар Саудия Арабистони, икки нафар Бангладеш фуқароси, шунингдек, АҚШ, Иордания, Фаластин, Сурия, Судан ва Миср фуқаролари бор. Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда.

Вазиятдан хабардор манбанинг Reuters’га айтишича, касалхоналар тез ёрдам машиналари ва вертолётларда олиб келинган ярадорлар билан тўлиб кетган.

«Uzbekistan Airways» эса 11-октябрь ҳолатига кўра, Тошкент—Жидда—Тошкент ва Тошкент—Мадина—Тошкент йўналишларидаги қатновлар тасдиқланган ҳаракат жадвали асосида давом этаётганини билдирди.

Авиакомпания минтақадаги вазиятни доимий кузатиб бораётгани ва ҳар бир парвоз олдидан долзарб маълумотлар асосида хавф-хатарларни баҳолаётганини қайд этди. Йўловчилар ва экипаж аъзоларининг хавфсизлиги парвозларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилишда асосий мезон ҳисобланади.

Қатновлар жадвалида ўзгаришлар юз берса, йўловчилар бу ҳақда зудлик билан хабардор қилинади.

Теглар

Мавзуга оид