Logo

Сенат 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини маъқуллади

Бугун 14:123 дақиқа

Қонун 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, зўравонлик учун жавобгарликка тортилган шахслар болалар билан ишлашини чеклаш каби ўзгаришларни назарда тутади.

Сенат 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини маъқуллади © senat.uz

Олий Мажлис Сенатида 2 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни кўриб чиқилди.

Сенатор Абдулхаким Эшмуродов келтирган маълумотларга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш бўйича 2022-йилда 85 та, 2023-йилда 108 та, 2024-йилда 129 та ва 2025-йилда 123 та жиноят иши қўзғатилган.

Зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш бўйича эса ушбу йилларда 144, 163, 170 ва 116 та ҳолат қайд этилган. Вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023-йилдаги 56 тадан 2025-йилда 141 тага етган.

Муҳокама қилинган қонун Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексларига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Жазо ва чекловлар

Қонунга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди.

Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳам тақиқланади.

Зўравонликда айбдор деб топилган таълим ва тарбия муассасалари ходимларининг болалар билан ишлашига ҳам чеклов жорий этилади.

Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгаришга кўра, бундай ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин.

Сенатор Покиза Ахмеджанованинг маълум қилишича, 2025-йилда мактаб ва боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ 122 та ҳолат аниқланган. Шундан 38 таси мактабгача таълим муассасаларида, 84 таси мактабларда қайд этилган.

Бола жабрланувчи сифатида ҳимояланади

Қонун жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болалар учун процессуал кафолатларни ҳам кенгайтиради.

Улар процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан бошлаб давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам олиши мумкин бўлади.

Вояга етмаган жабрланувчиларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзувга қайд этиш белгиланмоқда. Жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштириш эса махсус тартибда ўтказилади.

Жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасида юзлаштириш фақат терговчи ёки прокурор қарори ёки суд ажрими асосида амалга оширилади.

Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, процессуал жараёнларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий бўлади.

Қонун ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик қилиш масъулиятини ҳам кучайтиради. Боланинг асосий эҳтиёжларини қасддан қаноатлантирмаслик, уни зарарли ахборотдан ҳимоя қилмаслик ва болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, уларнинг сўровига кўра, мурожаат натижаси бўйича ёзма ёки электрон жавоб яшаш манзилига юборилмаслиги мумкин.

Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.

Маълумот учун, қонун муҳокамаси Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақидаги ҳолат ортидан кучайди. 12-сентябр куни мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми — 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Боғча ходими Қ.М. қамоққа олинган.

Теглар

Мавзуга оид