
Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги маҳаллада бўлди
Президент кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича бир қатор кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳри Бўстон маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.


Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида маҳаллада бир қатор ишлар қилинди. Жумладан, ҳудуддаги 48 та кўп қаватли уй жорий таъмирланди, ташқи қисми базальт билан қопланди. Иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 18 миллиард сўм ҳисобига замонавий қозонхона ва 3,3 километр иссиқлик тармоқлари қурилди.
Кўп қаватли уйларда 23 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, “ёпиқ” тизим ташкил этилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳудуддаги 800 та хонадонли 20 та кўп қаватли уйнинг ички иссиқлик тизимлари қайта тикланди. 1 та боғча марказлашган иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминланди. Янги қозонхона қурилиши натижасида 144 минг киловатт-соат электр ва 627 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади.


Президент кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган бу ишларни давом эттириш, қозонхоналарни қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича зарур кўрсатмалар берди. Шу ернинг ўзида «еттилик» вакиллари ва нуронийлар билан маҳалла ҳамда вилоят ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар хусусида суҳбат бўлди.
Таъкидланишича, президентнинг Сирдарё вилоятида инфратузилмани ривожлантиришга доир қарори асосида ҳудудда 215 та кўп қаватли уйни қамраб олган махсус манзилли рўйхат шакллантирилган. Ушбу дастур доирасида уйларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш, муҳандислик коммуникация тармоқларини яхшилаш ҳамда атроф-муҳитни ободонлаштириш ишлари режалаштирилган.





