ССВ раҳбариятининг деярли барчаси лавозимдан олинди
Ишдан олинганлар орасида Элмира Боситхонова, Илҳомжон Умрзоқов, Алишер Бобоев ва Фарҳоджон Ташпўлатовлар бор.
© Foto: Yevgeniy Sorochin / GazetaСоғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди ва таркиб деярли тўлиқ янгиланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг фармони билан Элдор Эркинович Адилов Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланди. Ушбу тайинлов муносабати билан у Президент Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти шўба мудири лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Асилбек Анварович Худоёров бошқа ишга ўтиши муносабати билан соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод қилинди.
Президент қарори билан вазирликнинг янги ўринбосарлар таркиби тасдиқланди:
Отабек Суннатович Имомов – соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди (Алишер Бобоев ўрнига);
Жалолиддин Шарофутдинович Асамутдинов – вазирнинг комплаенс ва ички антикоррупцион назорат бўйича ўринбосари;
Адхам Юсупович Худайкулов – вазир ўринбосари;
Шерзод Дилмуратович Муҳамедов – вазир ўринбосари;
Илҳомжон Ўринбой ўғли Умурзақов – вазир ўринбосари. У бунга қадар иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари – Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш департаменти директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги номи Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги деб ўзгартирилди. Абдулла Абдисаламович Азизов ушбу агентлик директори лавозимини сақлаб қолди. Шунингдек, вазирликнинг аввалги раҳбариятидан фақат Олим Муродуллаевич Омонов вазир ўринбосари сифатидаги лавозимида қолди.
Бошқа ишга ўтиши муносабати билан қуйидаги шахслар лавозимидан озод этилди:
— Алишер Шукруллаевич Бобоев — вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимидан;
— Элмира Иркиновна Боситхонова — вазир ўринбосари лавозимидан;
— Фарҳоджон Муҳаммаджонович Тошпўлатов — вазир ўринбосари лавозимидан.





