Субсидиялардан воз кечинг: Халқаро валюта жамғармаси дунё давлатларини огоҳлантирди

Бугун 18:354 дақиқа

Энергетика инқирози ва ошиб бораётган қарзлар фонида ХВЖ давлатларни янги иқтисодий стратегияга ўтишга чақирмоқда.

Субсидиялардан воз кечинг: Халқаро валюта жамғармаси дунё давлатларини огоҳлантирди

Яқин Шарқдаги уруш аллақачон заифлашиб улгурган глобал фискал ҳолатга босимни янада кучайтирди. Юқори фоиз ставкалари ва энергия ресурслари нархининг ошиши ривожланаётган бозорлар ҳамда кам даромадли мамлакатларни давлат кўмагига мурожаат қилишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) 15 апрел куни эълон қилинган «Фискал мониторинг» ҳисоботида қайд этилган.

ХВЖнинг бюджет-солиқ масалалари бўйича янги раҳбари Родриго Валдеснинг таъкидлашича, давлатлар ёқилғи танқислиги ва нархларнинг кескин кўтарилишига қарши курашда субсидиялардан воз кечишлари керак. Бунинг ўрнига у аҳолини қўллаб-қувватлашнинг самарали йўли — мақсадли ва вақтинчалик нақд пул тўловларини жорий этишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бундай чоралар ҳақиқий бозор нархларини яширмайди ва энергияни тежашга ундайди.

«Бизда нефт йўқ, энергия йўқ. Энергия ҳамма учун қимматроқ бўлиши керак — шундагина мослашиш жараёни содир бўлади ва биз камроқ истеъмол қиламиз», — деди Валдес «Reuters» агентлигига берган интервюсида.

Глобал иқтисодиёт хавф остида

14 апрел куни ХВЖ уруш туфайли энергия нархларининг ошиши ва таъминот занжирларидаги узилишлар сабабли иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди. Жамғарманинг огоҳлантиришича, агар уруш кўлами кенгайса ва нефт нархи 2027 йилгача бир баррел учун 100 доллардан юқори бўлиб қолса, глобал иқтисодиёт рецессия ёқасига келиб қолиши мумкин.

«Сиз юқори нархлар юкини тўғридан-тўғри истеъмолчилар зиммасига ташлаб, сўнгра муҳтожларга бошқа йўллар билан ёрдам беришингиз мумкин. Бу глобал шок. Агар давлатлар нарх сигналларини сунъий равишда пасайтирса, глобал нарх янада юқори бўлади. Талаб мослашиши учун бозор нархини кўрсатиш жуда муҳим», — дея тушунтирди Валдес.

ХВЖнинг бюджет масалалари бўйича директори ўринбосари Эра Дабла-Норриснинг таъкидлашича, ҳозирги инқирозга нисбатан кўрилаётган жавоб чоралари 2022 йилги (Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган) энергетика шокига қараганда анча мўътадилроқ.

«Давлатлар энди йирик молиявий кўмак пакетларини тақдим этмаяпти. Бюджет имкониятлари чекланиб қолган ҳамда ҳукуматлар нафақат қисқа муддатли, балки ўрта муддатли қийинчиликларга юзма-юз келаётган бир шароитда, биз инқироз таъсирини юмшатишда янада қатъий интизомга асосланган ёндашувни илгари сурмоқдамиз», — деди Дабла-Норрис.

Валдеснинг сўзларига кўра, урушнинг иқтисодиётга таъсири экспорт назоратининг жорий этилиши, энергетика инфратузилмасига етказилган зарар кўлами ва бошқа давлатларнинг нефт қазиб олишни ошириш салоҳиятига боғлиқ бўлади.

Вазият бироз барқарорлашгач, давлатларнинг ўрта муддатли истиқболларга эътибор қаратиши ўта муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ижтимоий таъминот дастурлари харажатларининг ошиши ёки бюджет тушумларининг камайиши фонида давлат қарзининг муттасил ўсиб бораётгани асосий хавф бўлиб қолмоқда.

«Вазият барқарорлашиши билан фискал захираларни кечиктирмасдан қайта тикланг», — дея таъкидлайди ХВЖ.

ХВЖнинг сўнгги «Фискал мониторинг» ҳисоботига кўра, 2025 йилда глобал давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 93,9 фоизини ташкил этди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан (92%) деярли икки фоизга кўп. Тахминларга кўра, давлат қарзи 2029 йилга бориб ЯИМнинг 100 фоизига етади — бу бир йил олдинги прогнозлардан бир йил олдинроқ содир бўлиши кутилмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори давлат қарзи юки бўлади. Давлат қарзи ўсишда давом этиб, 2031 йилга келиб ЯИМнинг 102,3 фоизига етиши прогноз қилинмоқда. Валдеснинг сўзларига кўра, агар ХВЖнинг энг оғир иқтисодий сценарийси амалга ошса, бу кўрсаткич уч йил ичида 121 фоизга етиши мумкин.

Фоиз тўловлари ҳам кескин ошган: 2025 йилда улар ЯИМнинг деярли 3 фоизини ташкил этди (тўрт йил аввал 2 фоиз эди).

Янги хавф-хатарлар ва бозордаги ўзгаришлар

Валдес юзага келаётган янги хавфлардан огоҳлантирди. Унинг айтишича, қарз бозорларида хэж-фондлар каби инвесторларнинг роли ортиб бормоқда, бироқ улар «қарзни узоқ муддат давомида ушлаб туриш учун етарлича барқарор эмас». Қарз муддатларининг қисқариши эса қисқа муддатли фоиз ставкаларининг қарз динамикасига тезроқ таъсир қилишини англатади.

ХВЖнинг ҳисоботига илова қилинган мақолада қайд этилишича, даромадлар ўсиши сустлашган бир пайтда хавфсизликка кетадиган харажатларнинг ортиши, энергия ва иқлим ўзгаришларига мослашишга сарфланадиган маблағлар ҳамда фоиз тўловларининг кўтарилиши каби бошқа қийинчиликлар ҳам мавжуд.

Савдо ва молия соҳасидаги парокандалик иқтисодий ўсишни янада секинлаштириши ҳамда қарз олиш харажатларини ошириши мумкин. Бозорлардаги, хусусан, сунъий интеллект акциялари бозоридаги кескин ўзгаришлар молиявий шароитларни тезда қийинлаштириб юбориши мумкин.

Кечиктириб бўлмайдиган чоралар

Валдеснинг айтишича, мамлакатлар шошилинч инқироз бартараф этилгач, фискал консолидация устида ишлашни бошлашлари керак.

«Баъзи давлатлар бунга жиддий ёндашмоқда, аммо кўпчилигида ҳали аниқ белгиланган режани кўрмаяпмиз. Ҳатто режаси бор давлатлар ҳам ҳали кўп иш қилишлари керак. Биз ҳозир инқироз нуқтасида эмасмиз... лекин чораларни қанчалик кечиктирсангиз, кейинчалик шунчалик кўп куч талаб қилинади ва тартибсиз консолидация хавфи ортади», — деди у.

Теглар

Мавзуга оид