Logo

«Лаб ва тишдек яқин»: Си ва Кимнинг тарихий учрашуви ортида нималар яширинган?

Bugun 08:406 daqiqa

Пекин Шимолий Кореянинг Москва орбитасига буткул кириб кетмаслигини хоҳламоқда.

«Лаб ва тишдек яқин»: Си ва Кимнинг тарихий учрашуви ортида нималар яширинган?

Хитой раиси Си Жинпинг 8 июн куни Пхенянга борди. Узоқ вақтдан бери Шимолий Кореянинг энг яқин иттифоқчиси бўлиб келаётган ушбу мамлакат етакчисини кутиб олиш учун олий даражадаги давлат маросимлари уюштирилди: байроқлар, гуллар, фахрий қоровул ва катта оломон ҳозирланди.

Ким Чен Ин ва рафиқаси Ли Сол Чжу, Си Жинпинг ва унинг рафиқаси Пэн Лиюанни Пхенян халқаро аэропортида кутиб олди. Сўнгра Хитой раҳбари пойтахтнинг бош майдонига кузатиб қўйилди. У ерда Си ва Кимнинг улкан портретлари остида икки халқ дўстлигига бағишланган махсус саҳналаштирилган тадбир бўлиб ўтди.

Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги хабарига кўра, майдондаги баннерлардан бирига: «Яшасин Шимолий Корея ва Хитой ўртасидаги бузилмас дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик!» деб ёзилган.

Си Жинпингнинг 2019 йилдан бери Шимолий Кореяга амалга оширган ушбу илк ташрифи ўзига хос даврга тўғри келмоқда. Айни пайтда ҳар икки ҳукумат очарчилик, ядровий инқирозлар, дипломатик зиддиятлар ва глобал тартибнинг ўзгаришларини бошидан кечирган ўзаро муносабатларини қайта мустаҳкамлашга интилмоқда.

Бу икки давлат муносабатлари кўпинча қадимий хитой ибораси билан таърифланади: «Лаб ва тишдек яқин». Ушбу метафора илк бор 1950-йилларда Мао Цзэдун томонидан тарихий иттифоқчиларнинг ўзаро яқин алоқаларини ифодалаш учун ишлатилган эди.

Қуйида ушбу давлатларнинг яқин, аммо баъзан зиддиятли кечган муносабатлари тарихига қисқача назар ташлаймиз:

Инқилобий ришталар

Икки давлат муносабатларининг илдизи замонавий Корея ва Хитой давлатлари ташкил топишидан олдинги даврга бориб тақалади. 1948 йилда Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) тузилгунига қадар, Шимолий Кореянинг кўплаб илк етакчилари, хусусан, Ким Ир Сен Хитой коммунистик ҳаракати билан яқин алоқада бўлган. Бир йил ўтиб, 1949 йилнинг 6 октабрида Шимолий Корея ва янги ташкил этилган Хитой Халқ Республикаси ўртасида расмий дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

1950–1953 йиллардаги Корея уруши

Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида бошланган уруш даврида Шимолий Корея кучлари орқага чекинишга мажбур бўлди. Бу эса икки давлат ўртасидаги иттифоқни жиддий синовдан ўтказди.

Шунда Хитой Ялу дарёси орқали Халқ кўнгиллилари армиясининг каттагина қисмини йўллаб, ушбу можарога қўшилди. Хитойнинг аралашуви Шимолий Кореяни батамом қулашдан сақлаб қолди.

 

Урушнинг инсоний йўқотишлари улкан эди: Хитой 180 мингдан 400 минггача аскаридан айрилди, Корея эса вайронага айланиб, иккига бўлиниб кетди. Бироқ Пекин ва Пхенян нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу уруш то шу кунгача икки халқнинг жамоавий хотирасини шакллантириб келаётган мустаҳкам ришталарни яратди.

1961 йил: Дўстлик шартномаси

1961 йилда Хитой ва Шимолий Корея ўртасида Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома имзоланди. Унинг энг муҳим бандига кўра, агар томонлардан бири қуролли ҳужумга учраса, иккинчиси унга зудлик билан ёрдам бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ушбу шартнома ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотмаган, зеро бу Хитойнинг бошқа давлат билан тузган ягона расмий мудофаа пакти ҳисобланади.

1960–1970 йиллар: Хитой-Совет зиддияти ва Маданий инқилоб

 Шунга қарамай, Пекин бу шартномага Пхенян истаган ишини қилиши мумкин бўлган «очиқ чек» сифатида қарамади. Ўз навбатида, Пхенян ҳам Пекиннинг ҳар доим фақат холис ниятда ҳаракат қилишига ишонавермасди. Бундай яширин таранглик ўнлаб йиллар давомида, айниқса, Шимолий Корея Пекин ва Москва ўртасидаги зиддиятда (Хитой ва Совет Иттифоқининг ажралиши даврида) бирор томонга ён босишдан қочишга уринган пайтларда яққол сезилиб турди.

Хитойдаги Маданий инқилоб даврида муносабатлар ёмонлашди, аммо 1970-йилларда яна илиқлашди. Кейинроқ эса Хитой Шимолий Кореянинг Жануб билан можарони қайта бошлаш умидларини пучга чиқариб, Жанубий Кореяга бостириб киришда ёрдам беришдан бош тортгач, ўзаро алоқалар яна совиди.

1990-йиллар: Хитойнинг «очилиши» ва Жанубий Корея билан муносабатлар

Хитой ўз иқтисодиётини ташқи дунёга очгани ва Шимолий Корея шубҳа билан қарайдиган мамлакатлар билан алоқаларни кенгайтира бошлаганидан сўнг, муносабатлардаги энг нотинч даврлардан бири юз берди. Пекиннинг 1992 йилда Жанубий Корея билан дипломатик алоқаларни нормаллаштириш қарори эса Пхеньянни қаттиқ хавотирга солди.

Хитой асосий тармоқлар устидан давлат назоратини сақлаб қолган ҳолда бозор ислоҳотларини жорий этди. У глобал савдо ва тўғридан-тўғри хорижий сармоялар учун ўз эшикларини очгач, бу икки қўшни давлатнинг ривожланиш йўллари тобора бир-биридан узоқлашиб борди.

Пхеняннинг асосий ҳомийси бўлган Совет Иттифоқининг парчаланиши Шимолий Кореянинг тобора яккаланиб, Хитойга қарам бўлиб қолишига олиб келди. Бу эса бир вақтлар умумий инқилобий ғояларга асосланган муносабатларда янги кескинликларни келтириб чиқарди.

2006 йил: Хитой Шимолий Кореянинг ядровий синовларини қоралади

Шимолий Кореянинг ядровий дастури муносабатлардаги яна бир кескинлик манбаига айланди. Хитой Корея яриморолида ядро қуроли бўлишига қарши эканини бир неча бор таъкидлади ва Шимолий Кореянинг ядровий синовларини, жумладан, 2006 йилдаги илк синовини ҳам қоралади.

Бундан ташқари, Пекин Пхеняннинг энг муҳим иқтисодий таянчи бўлиб қолаётганига қарамай, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан Шимолий Кореяга қарши киритилган бир неча туркум санкцияларга қарши чиқмади.

Қайта тикланган илиқлик ва барқарор савдо

Си ва Ким ўртасидаги бугунги илиқ муносабатлар сўнгги йилларда қайта тикланган алоқаларнинг маҳсулидир. Хусусан, Ким 2018 йилдан бери бир неча бор Хитойга ташриф буюрган бўлса, Си 2019 йилнинг июн ойида Пхеньянга борган эди.

Си Жинпингнинг хорижга сафарлари тобора камёб ҳодисага айланиб бораётган (сўнгги йилларда аксарият хорижий етакчилар Пекинга келишга мажбур бўлмоқда) бир пайтда, унинг ушбу ташриф билан шахсан Пхенянга учиб бориши эътиборга моликдир.

Икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари жуда барқарор. 2026 йилнинг дастлабки икки ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга ўсгани ҳам уларнинг иқтисодий муносабатлари ҳамон нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди.

Хитой Шимолий Кореянинг расмий савдо ҳамкори сифатида мутлақ устунликка эга. Шимолий Корея ёнилғи, озиқ-овқат, техника, автомобиллар, электроника ва истеъмол товарлари бўйича Хитойга қарам. Хитой компаниялари ва портлари ҳам Шимолий Корея экспорти учун асосий дарвоза бўлиб қолмоқда. Экспорт қилинадиган маҳсулотлар қаторига фойдали қазилмалар, денгиз маҳсулотлари, темир ва пўлат, соат қисмлари, шунингдек, парик ва сунъий соч маҳсулотлари киради. Бундан ташқари, БМТнинг бу даромад манбаини кесишга қаратилган санкцияларига қарамай, Шимолий Корея чет элдаги ишчи кучидан даромад кўришда давом этмоқда.

Бироқ, таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Хитой Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг тобора яқинлашиб бораётганидан хавотирда бўлиши мумкин. Сининг ушбу учрашув учун шахсан Пхенянга боришга қарор қилганининг яна бир сабаби ҳам айнан шу бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Шимолий Корея Россия билан ҳарбий ва сиёсий алоқаларини мустаҳкамлаб борар экан, Пекин Пхенянга ва бутун дунёга Шимолий Кореянинг келажагида Хитой марказий ўрин тутишини эслатиб қўйиш учун етарли асосларга эга.

Мазкур иқтисодий муносабатлар Пекинга сезиларли таъсир кучини тақдим этади. Бироқ Ким бу Хитойнинг дипломатик мақсадларини мураккаблаштирса-да, ўз хавфсизлик стратегиясини мустақил олиб боришга тайёр эканини бир неча бор намойиш этган.

Келажакда нималар кутмоқда?

Пхенян билан яқин муносабатлар Корея яримороли бўйича келажакдаги ҳар қандай муҳокамаларда Си Жинпингнинг позициясини кучайтириши мумкин. АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Кореянинг ядровий дастури бўйича кескинликлар қайта юзага чиқаётган бир пайтда ҳам, Ким билан дипломатияни тиклашга қизиқиш билдираётганини бир неча бор таъкидлаган.

Ўтган ҳафтада Ким ядровий материаллар ишлаб чиқарувчи янги иншоотни очди ва мамлакатнинг ядровий кучларини «жадал суръатларда» кенгайтиришга ваъда берди. Бу эса ядро қуролидан воз кечиш жараёни ҳар қачонгидан ҳам узоқроқ эканидан далолат беради.

Охир-оқибат, Пекин ўз чегараси яқинидаги можароларнинг олдини олишни, Корея яриморолида ўз таъсирини сақлаб қолишни ва Шимолий Кореянинг Москва орбитасига буткул кириб кетмаслигини таъминлашни хоҳлайди. Си Жинпингнинг ушбу ташрифи геосиёсий вазиятнинг ўзгарувчанлигига қарамай, Хитой ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар Шарқий Осиёдаги энг муҳим ва салмоқли шерикликлардан бири бўлиб қолаётганини эслатиб туради. 

Teglar

Mavzuga oid

«Лаб ва тишдек яқин»: Си ва Кимнинг тарихий учрашуви ортида нималар яширинган? | Vaqt.uz