Ўзбекистон олтин захиралари тарихдаги энг юқори даражага чиқди
Марказий банк захираларидаги олтин ҳажми илк бор 423 тоннагача кўпайди. Ҳозирда мамлакат халқаро захираларининг 87 фоизи олтиндан иборат. Аммо олтин нархининг тушиши Ўзбекистон захираларига миллиардлаб доллар зарар келтирмоқда.
© Foto: BloombergЎзбекистон олтин захирaаларининг физик ҳажми 423 тоннага етиб, тарихий рекорд даражага етди. Бу ҳақда Vaqt.uz'га Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлди.
1-июнь ҳолатига кўра, мамлакатнинг халқаро захиралари 70,58 млрд долларни ташкил қилди. Бу апрель ойига нисбатан 307 млн долларга кам.
Захираларнинг асосий қисми бўлган олтин активлари қиймати ҳам бироз пасайди. Май ойи давомида олтин захирасининг қиймати 156 млн долларга камайиб, 61,43 млрд долларга тушди. Шу билан бирга, физик ҳажм ўсишда давом этиб, 13,6 млн трой унсия ёки 423 тоннага етди.
Май ойида Марказий банк қимматли қоғозлар портфелига сармояни сезиларли кўпайтирди. Ой давомида хорижий қимматли қоғозлар портфели 84 фоизга ўсиб, 2,85 млрд долларни ташкил қилди. Натижада уларнинг умумий захиралардаги улуши 4 фоизга етди.
Олтин ҳажми рекордда
Ўзбекистон сўнгги ойларда нарх пасайишига қарамасдан захираларда олтиннинг физик ҳажмини оширишда давом этмоқда.

1-июнь ҳолатига келиб, мамлакат захираларидаги олтин ҳажми 423 тоннагача ўсиб, янги рекорд қайд этилди. Захиралардаги олтин ҳажми 2018-йилдан бери 28 фоизга ёки 93 тоннага кўпайди.
Бу бўйича энг паст кўрсаткич 2020-йилнинг III чорагида кузатилганди. Ўшанда захиралардаги олтин ҳажми 307 тоннагача тушиб кетган.
Нега захираларда олтин кўпаймоқда?
Ўзбекистон геосиёсий нотинчликлар фонида 2025-йил сентябридан 2026-йил апрелига қадар 6 ой давомида олтин экспортини амалга оширмади.
Марказий банк олтин сотилмаётганини сотувлар олтин захираларига таъсир қилиши, ҳозирда захираларни юқори кўрсаткичларда ушлаб туриш муҳим экани билан изоҳлади.
Узоқ муддат қимматбаҳо металл экспорт қилинмагани ортидан захираларда олтин йиғилиб қолди. Натижада май ойига келиб Ўзбекистон захираларида олтин улуши 87 фоизни ташкил қилмоқда. Бу дунёдаги кўплаб давлатларга нисбатан анча юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шунга қарамай, олтин нархи пасайиши халқаро захиралар қийматига сезиларли таъсир қилмоқда. Олтин арзонлаши май ойининг ўзида Ўзбекистон захираларига 1,5 млрд доллар зарар келтирган.
Йил бошида олтин нархи унсиясига қарийб 5 600 долларгача кўтарилганди. Айни пайтда нарх 4 000 долларгача тушиб кетган. Бунинг оқибатида Ўзбекистон миллиардлаб доллар йўқотди.
Дунё давлатларида вазият қандай?
Глобал нотинчликлар ва геосиёсий вазият фонида олтин нархи пасайишига қарамасдан дунёнинг аксарият йирик мамлакатлари ҳам ўз захираларида катта миқдорда олтин ушлаб турибди.

АҚШ ҳамон захираларда 8,1 минг тоннадан ошиқ олтин билан жаҳонда етакчи бўлиб турибди. Кейинги ўринларда Германия, Италия ва Франция бормоқда. Бу давлатлар захирасида олтин улуши 60 фоиздан ошиқ бўлиб турибди.
Хитой сўнгги йилларда захираларига олтин йиғишни сезиларли кўпайтирди. Унинг расмий захиралари 2022-йилдан бери қарийб 400 тоннага ошди.
Олтин захиралари ҳажми бўйича ҳозирда Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида 15-ўринда бормоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистон рекорд даражадаги — 423 тонналик олтин захирасига эга бўлди. Бироқ захираларнинг катта қисми олтиндан иборат бўлгани сабабли уларнинг қиймати халқаро бозордаги нарх тебранишларига жуда сезгир бўлиб қолмоқда.
Teglar






