Logo

АҚШдан изоҳ сўраган Ўзбекистон, кредит хавфидан огоҳлантирган Турдимов ҳамда водий ва воҳага қатнайдиган янги электропоездлар — 11 июн дайжести

Kecha 23:264 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

АҚШдан изоҳ сўраган Ўзбекистон, кредит хавфидан огоҳлантирган Турдимов ҳамда водий ва воҳага қатнайдиган янги электропоездлар — 11 июн дайжести

Эркинжон Турдимов: «Кредит олсангиз, кўчада қолишга тайёр бўлинг»

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли қабули давомида томорқа ерига сув чиқариш учун 120 млн сўм кредит олишда ёрдам сўраган фуқаро мурожаатига муносабат билдирди. Ҳоким кредит расмийлаштириш ўрнига муаммони маҳаллий ҳокимлик кўмагида ҳал қилиш мумкинлигини айтиб, қарз маблағларини қайтариш билан боғлиқ хавфлар ҳақида огоҳлантирди.

Турдимовнинг таъкидлашича, кредит маблағлари фоизлари билан бирга қайтарилиши керак ва бу айрим ҳолатларда жиддий молиявий юкка айланиши мумкин. «Кўчада қолишга тайёрман, десангиз, банкка боринг. Бўлмаса, кредитга мурожаат қилманг», деган ҳоким фуқаронинг томорқасига сув чиқариш масаласи ҳокимлик кўмагида ҳал этилишини маълум қилди.

Ўзбекистонда балиқ етиштириш ҳажми 500 тоннадан оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев балиқчилик соҳасини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишиб, тармоқни модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда мамлакатда йилига 206 минг тонна балиқ етиштирилаётган бўлса, 2027 йилгача бу кўрсаткични 500 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун интенсив технологияларни кенг жорий этиш, сув ҳавзалари ва ер майдонларини шаффоф тарзда ижарага бериш ҳамда наслчилик ишларини кучайтириш кўзда тутилган.

Режага кўра, ёпиқ сув айланма тизимлари, наслли она балиқлар импорти ва қуёш панеллари учун субсидиялар ажратилади. Шунингдек, форель ва осётр етиштириш қувватлари ташкил этилади, балиқчилик соҳасини бошқариш учун ягона электрон платформа ишга туширилиб, сунъий интеллект технологиялари жорий қилинади. Ҳукумат аҳолини сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратишни мақсад қилган.

Тошкентдан Андижон ва Термизга тезюрар поездлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги темирйўл қатновини йўлга қўйиш учун янги электропоездлар харид қилишни режалаштирмоқда. Бу масала Жанубий Кореяда «Ўзбекистон темир йўллари» ва Hyundai Rotem раҳбарияти ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди. Томонлар, шунингдек, «Жалолиддин Мангуберди» номли юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни етказиб бериш жараёнини ҳам кўриб чиқди.

Учрашувда Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида ҳаракатланиши режалаштирилган 8 та замонавий электропоезднинг техник хусусиятлари ва харид шартлари муҳокама қилинди. Лойиҳа амалга оширилса, йўловчилар учун сафар вақти қисқаради, ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқалари яхшиланади ва иқтисодий фаоллик ошиши кутилмоқда. Томонлар темирйўл соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни давом эттириш бўйича келишувга эришган.

Сурхондарёда 205 тонна унни биржасиз сотган корхона жазоланди

Рақобат қўмитаси Сурхондарё вилоятидаги «DENOV OLTIN DON» МЧЖ фаолиятини ўрганиш давомида қонунчилик талабларининг бузилганини аниқлади. Маълум бўлишича, корхона 2025 йил октябридан 2026 йил март ойигача биржа орқали харид қилинган 273 тонна буғдойни қайта ишлаб, ишлаб чиқарилган 205 тонна унни биржа савдоларига чиқармасдан тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида сотган. Мазкур маҳсулотлар қиймати 634 млн сўмдан ошган.

Қўмита бу ҳолатни рақобат қонунчилиги талабларининг бузилиши сифатида баҳолаб, корхонага нисбатан иш қўзғатган. Махсус комиссия қарори билан «DENOV OLTIN DON» МЧЖга тегишли таъсир чораси қўлланилган ҳамда қонунбузилиш оқибатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатма берилган.

ТИВ Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари текширилгани юзасидан АҚШдан изоҳ сўради

АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Нидерландия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан ўзбек делегацияси аъзоларига нисбатан ўтказилган хавфсизлик текширувлари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг тегишли идораларидан расмий тушунтириш сўради. Вазирлик маълум қилишича, Ню-Йоркдаги Бош консулхона орқали америкалик масъуллар билан алоқа ўрнатилган. ТИВ хавфсизлик чораларини давлатларнинг ички қоидалари сифатида тушунишини билдирган ҳолда, бундай жараёнлар спорт руҳи ва ўзаро ҳурмат тамойилларига путур етказмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ва мураббийлари қўл металлодетекторлари билан текширилгани акс этган видеолар тарқалган эди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро буни одатий хавфсизлик амалиёти деб баҳолаган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси эса текширув хавфсизлик талаблари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган. Ҳозирча АҚШ томонидан расмий изоҳ берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid