
Сурункали шошилиш ақлий салоҳиятга путур етказади
Ишда, қарор қабул қилишда, муносабат кўрсатишда тезкорликни қадрлайдиган бўлиб қолдик. Аммо ҳаёт ниҳоясиз пойгага айланса, онг қолипли фикрлай бошлайди, хатолар кўпаяди.

Когнитив кўникмалар бўйича мутахассис Елена Сосновцеванинг мақоласида бундай ҳолат учун ечимлар хусусида сўз боради.
«Шошилдинг — кулгига қолдинг». Бу нақл тезкорлик профессионализмнинг ажралмас қисмига айланган ҳозирги замонда кулгили эшитилади. Хат ва сўровларга тез, мазмунли жавоб қайтариш керак, мажлисларда имкон қадар кўпроқ таклиф бериш керак, боз устига, уларнинг оқибатларини ҳам кўра олиш керак, кутилмаган саволларга ҳам тезкор жавоб ҳозир туриши лозим.
Ходим мулоҳаза қилиб кўриш у ёқда турсин, ақалли маълумот жамлаш учун вақт сўраса, раҳбар истамайгина рози бўлади, одатда берилган муддат етарли бўлмайди ҳам. Бенжамин Франклин айтганидек, «Вақт — бу пул». Жавоб қайтаришдаги тезкорлик рақобатдаги устунликка айланган. Шунчаки жойингда қолиш учун ҳам икки ҳисса тезроқ югуришинг керак.
Биз тезкорлик устуворликка айланган маданиятда яшаяпмиз. Аммо лоақал бир лаҳза тўхтаб, бу маданият бизни қанчалик ўзгартираётгани ҳақида мулоҳаза юритиб кўрсак, ҳаммаси силлиқ кечмаётганини идрок эта бошлаймиз. ХХ аср ўрталаридаёқ «hurry sickness» — шошилиш касаллиги атамаси пайдо бўлган. Қатор тадқиқотларга кўра, XX аср охири XXI аср бошларига келиб, вақт бирлиги бошига воқеа ва вазифалар сони кескин ошган, бунинг оқибатида сурункали стресс ва мутассил вақт етишмовчилигидан қийналиш юзага келган.
Нега онг қолипга тушиб қолади?
Доимий босим остида мия қолипга тушиб қолади — теран фикрлаш ва муқобиллар излаш қобилияти пасаяди. Парадокс юзага келади: компаниялар эгилувчанлик ва ижодкорликни талаб қилишади, аммо корпоратив маданият айнан мана шу хусусиятларни намойиш қилишга имкон қолдирмайди.
Иш жараёнида учрайдиган вазифаларни уч турга ажратиш мумкин:
1. Таниш жараёнлар. Хатлар, ҳисоботлар, тақдимотлар, музокаралар — бу вазифалар учун фикрий моделлар шаклланган бўлади. Қолиплар қўл келади. Тасаввур қилинг, ҳамкасбингизга хат йўллашни ҳар куни қайтадан ўрганишингиз керак бўлса. Бу жараённи такомиллаштиришнинг табиий механизми — кўникма бир марта ўзлаштирилади ва кейинчалик миянинг қувватини тежайди.
2. Қисман янги вазифалар. Янги қоида ёки қолиплар пайдо бўлади: масалан, иш бўйича хабар алмашиш тартиби ёки ҳужжатлар шакли ўзгаради. Ёзишни биласиз, лекин одатий схемалар ортиқ иш бермайди — мослашиш керак. «Йўл-йўлакай тушуниб оламан», қабилида иш тутсангиз, оддий вазифа ҳам мураккаблашади; эски одатларни енгиб ўтиш, янги талабларга диққат қаратиш, белгиланган муддатга улгурмасликдан хавотир таъсирида секинроқ ишлашга тўғри келади.
3. Тўлиқ янги вазифалар. Бундай вазиятда тезкор жавоб қайтариш иш бермайди, бошқача фикрлаш талаб этилади. Бироқ вақт тиғиз бўлса, ходим туннел фикрлашга ўтади (маълумотни тор доирада, ўзига аввалдан таниш қолипларга мос қисминигина қабул қилиш): таниш моделларни тўғри келса-келмаса қўллашга тиришади. Кескин ҳаракат билан вазиятни мураккаблаштириш ёки хатога йўл қўйишдан қўрқув пайдо бўлади. Хатарларни баҳолаш, иккиламчи ва учламчи оқибатларни таҳлил қилишга вақт қолмайди.
Тезкорликка асосланган корпоратив маданият
Технологик тараққиёт ва рақамли инқилоб «вақт пружинаси»га босимни оширади, яъни вақт бирлиги ҳисобида жуда кўп ҳодисалар ва ўзгаришлар рўй беради. Бизнес бу динамикага мослашишга интилади, тезкор қарорлар (тезкор натижаларга ҳам) талаб ошади. Раҳбарият «ўткир ақл» ва «зийраклик»ни рағбатлантиради.
Аммо ҳар ким маълумотга турли тезликда ишлов беради. Доимий ахборий юкламалар ходимларни руҳий толиқтиради. Муддатлар таъсиридаги, тезкорлик мукофотланиши таъсиридаги босим конформизмни кучайтиради: «Муқобилни излагандан кўра тезда рози бўлган маъқул». Тезкор қарор сифатли ечимдан устун кўрилади. Эски паттернларнинг такрорланиши янги ёндашувларга ўрин қолдирмайди. Аввалдан шаклланган амалиётлар ва жадал ўзгарувчи муҳит ўртасида бўшлиқ пайдо бўлади.
Тезкорликка интилишнинг бадали қанақа?
Кўплаб идораларда кузатиш мумкин: тезкорлик туфайли юзага келадиган босим хавотир режимини фаоллаштиради. Қўрқувлар эса уни кучайтиради — салоҳиятсиздек кўринишдан, хато қилишдан, мансабни бой беришдан қўрқув.
Онг бундай вазиятда турлича жавоб қайтаради: кимдир ўзини фаол ишлаётгандек кўрсатишга тиришади, кимдир эса «ўчиб қолади». Бу презентеизм — инсон жисмонан шу ерда-ю, лекин ҳеч қандай натижа кўрсата олмайди. Самарадорликнинг тушиши ва презентеизм оқибатидаги йўқотишлар халқаро миқёсда 2-9 трлн долларга баҳоланади.
Раҳбарият эса «қисқа фикрлаш»ни — муаммоларга тезкор ечимларни рағбатлантиради. Ходимлар реактив фикрлашга ўрганиб қолишади. Оқибатда бутун компаниянинг такрорланувчи жараёнларда самарадорлиги ошади, аммо стратегик фикрлашга путур етади: сабаб-оқибат алоқалари фаоллашади, қарорларнинг иккиламчи ва учламчи оқибатлари эътибордан четда қолади. Шу тариқа қолипли фикрлаш одатга айланади, «қолипдан ташқари фикрлаш» каби шиорлар шиорлигича қолиб кетаверади.
Когнитив режимлар ва вазифаларнинг уч тури
Қандай ҳолатларда қолипли фикрлаш фойдали, қайси вазиятларда эса тўсиқ эканлигини, талабни ходимнинг ақлий салоҳияти билан мувофиқлаштириш йўлларини кўриб чиқсак.
· Операцион вазифалар. Бунда автоматизм ва қолиплар фойдали. Жараён қанчалик барқарор бўлса, узилиш ва хатолар шунчалик камаяди. Бундай фаолият турларида қолипга амал қилиш ва ишлов бериш тезлигини ошириш жуда муҳим. Тезкорлик ўзини оқлайди.
· Қисман янгилик талаб этиладиган вазифалар. Маълумот йиғиш, таҳлил, мослашув учун вақт талаб этилади. Масалан, ҳар доим ТВда реклама бергансиз, аммо энди маркетплейслар пайдо бўлди. Олдингизда танлов бор: бюджетни қайта тақсимлаш, ТВдан воз кечиш ёки янгиликни инкор этиш. Бундай вазифаларда ҳисоботлардан ва бошқа манбалардан маълумот жамлаш учун вақт керак. Таҳлил ўтказилмаса, бир қарашда ўта жўялидек кўринган қарорлар ҳам хато бўлиб чиқиши мумкин.
· Стратегик вазифалар. Ушбу ҳолатда операцион амалиётлардаги каби тезкорликни сақлаш имконсиз. Стратегик ечимлар учун муҳокама, оқибатлар ва ссенарийларни моделлаштириш учун вақт керак бўлади.
2023 йилдан бошлаб компанияларда когнитив кўникмалар, хусусан, фикрлаш тарзи ва маромлари бўйича тренингларга талаб ошмоқда. Ходим ўз маромини билса, компания талабларига мослашиши осонлашади. Ўз навбатида, раҳбарлар жамоанинг руҳий саломатлигини сақлаб қолган ҳолда компания самарадорлигини ошира олишади.
Раҳбарлар эътибор қаратиши керак бўлган жиҳатлар:
· Вазифа туридан келиб чиқиб иш тутинг. Такрорланувчи вазифаларда тезкорликни рағбатлантиринг. Янгилик талаб этиладиган топшириқлар учун етарли вақт беринг.
· Хотиржам муҳит яратинг. Мураккаб масалалар учун ақлий штурмлар, тайм-аутлар, мунозара сессияларини ўтказинг. Иккиламчи ва учламчи ишловни талаб қилинг.
· Фақат тезкорликни эмас, сифатли таҳлилни ҳам эътироф этинг.
· Корпоратив маданиятда мувозанатни таъминланг. «Тезкор ғалаба»ларни ҳам, пухта ўйланган ечимларни ҳам бирдек қадрланг.
Корпоратив амалиётга когнитив тоифалар ва маромлар тушунчаси жорий этилса, ходимларда тезкор ва секин режим ўртасида алмашинув кўникмаси шакллантирилса, янгилик талаб этиладиган вазифалар учун етарли вақт ажратилса, компания икки ҳисса устунликка — ҳам амалиётларда тезкорликка, ҳам стратегик бошқарувда эгилувчанликка эга бўлади.
С.Абдураҳмонова тайёрлади.





