
«Тажовузкор ҳаракат»: Қозоғистон Украинани огоҳлантирди
Украина дронлари Россия, Қозоғистон ва АҚШ акциядорларига тегишли Каспий қувурлари консорциуми терминалига зарба бергач, Остона мазкур ҳаракатдан норозилик билдирди.

Жорий йилнинг 29 ноябр куни Украина дронлари Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми терминалига ҳужум қилган эди. Қозоғистон бу ҳаракат юзасидан Украинага расман ва ошкора ўзининг норозилигини билдирди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров 30 ноябрдаги баёнотида сўз очилган.
Унга кўра, ушбу воқеа халқаро ҳуқуқ билан ҳимояланган фуқаролик объектига нисбатан учинчи тажовузкор ҳаракат бўлган.
«Биз содир бўлган воқеани Қозоғистон Республикаси ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга путур етказувчи ҳаракат деб ҳисоблаймиз ва Украина томонидан келажакда бундай ҳодисаларга йўл қўймаслик учун самарали чоралар кўрилишини кутамиз», - деган у.
Украина Қозоғистоннинг норозилик баёнотига жавоб қайтарди.
«Украина Қозоғистонга қарши ҳеч қандай душманона ҳаракатлар қилмаяпти. Украина томонининг ҳеч қандай ҳаракати Қозоғистон ёки бошқа учинчи бир томонларга қаратилган эмас. Украина Россия ҳужумларига жавобан зарба бериши, ўзларининг барча саъй-ҳаракатлари БМТ Низомининг 51-моддасида кафолатланган ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқининг бир қисми сифатида Россиянинг кенг кўламли тажовузкорлигини қайтаришга қаратилган», - дейилади расмий баёнотда.
Каспий қувур консорциуми — Россия, Қозоғистон ва АҚШ акциядорларига тегишли. Бу терминал орқали — Қозоғистоннинг нефт экспортининг жуда катта қисми ўтади. Нефт қувури Ғарбий Қозоғистондаги конлардан Новороссийсккача чўзилган. Бу терминал — Россия ишлаб чиқарувчиларининг нефтини ҳам қабул қилади. Қозоғистон Энергетики вазирлигининг билдиришича, ҳужум оқибатида Каспий Қувурлари консорциуми причалларидан бирига жиддий зиён етган. Қурилма тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш ишлари тугагунга қадар тўлиқ ишдан чиққан.
Расмий Остона ўзининг баёнотида, Қозоғистон барқарор ва узлуксиз энергия таъминотини таъминлашга алоҳида аҳамият бериши, Каспий қувурлари консорциуми глобал энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутишини қўшимча қилган.
Вазият Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг алоҳида назорати остида.





