Logo

Талабалар ётоқхоналари 2030 йилгача етарли бўлади — вазир

Бугун 08:303 дақиқа

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга кўра, сўнгги 10 йилда 100 минг ўринли ётоқхоналар қурилган. Бироқ аввалги давлат дастурида белгиланган 109,7 минг ўринлик режанинг қарийб учдан бири бажарилмай қолган.

Талабалар ётоқхоналари 2030 йилгача етарли бўлади — вазир

Ўзбекистонда 2030 йилгача барча талабаларнинг эҳтиёжини қоплайдиган даражада талабалар турар жойлари қуриб битказилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов UzReport TV телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Президент қарори асосида мамлакатда талабалар ётоқхоналари сонини ошириш ишлари давом этмоқда. Янги объектлар асосан давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилмоқда.

«2030 йилгача ҳамма талабалар эҳтиёжини қондирадиган даражада ётоқхоналар қуриб битказилади», — деди Шарипов.

Унинг таъкидлашича, ҳозир кундузги таълимда ўқиётган талабаларнинг камида 20 фоизи вилоятлардан келган. Уларни ётоқхоналарга жойлаштириш имконияти мавжуд. Қолган талабалар эса ижарада яшаши мумкин, бунда ижара ҳақининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.

Вазир сўнгги 10 йил ичида мамлакатда 100 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундан олдинги 100 йил давомида эса жами 55 минг ўринли ётоқхона барпо этилган.

Аввалги режа тўлиқ бажарилмаган

Бироқ ётоқхоналар қурилиши бўйича аввалги давлат дастурининг ижроси юзасидан саволлар мавжуд.

2021 йил 10 сентябрдаги ҳукумат қарори билан 2022–2025 йилларда республикада 241 та талабалар турар жойи қуриш ва қарийб 109,7 мингта янги ўрин яратиш режалаштирилган эди.

Кейинчалик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2022–2025 йилларда 74,1 мингта ўрин яратилганини маълум қилди. Бу дастлаб белгиланган режанинг қарийб 67,5 фоизи бажарилганини англатади. Вазирлик эса бу тафовут сабабларини тўлиқ очиқламаган.

Шунингдек, 241 та лойиҳанинг нечта қисми фойдаланишга топширилгани, қанча объект кечикаётгани ва нечта лойиҳа ҳали қурилиш жараёнида экани ҳам аниқ кўрсатилмаган. Яратилган 74,1 минг ўриннинг қанчаси янги қурилиш, қанчаси реконструкция ёки мавжуд биноларни қайта жиҳозлаш ҳисобига яратилгани ҳам очиқ қолган.

Vaqt.uz аввалги суриштирувида ҳам ушбу масалага эътибор қаратган эди. 2021 йилги дастурда ётоқхоналар сони асосий кўрсаткич сифатида белгиланган бўлса, кейинги ҳисоботларда асосан яратилган ўринлар сони келтирилган.

Ётоқхонага эҳтиёжманд талабалар қандай жойлаштирилади?

Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, ётоқхоналарга эҳтиёжи бўлган талабалар учун махсус платформа ишга туширилган.

Талабалар 15 августдан бошлаб платформа орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган ёшлар, кейин эса узоқ ва чекка ҳудудлардан келган талабалар ётоқхоналарга жойлаштирилади.

«Биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган ёшлар ётоқхонага жойлаштирилади. Кейин узоқ, чекка вилоятлардаги талабаларга имконият берилади», — деди вазир.

Айрим ётоқхона объектлари савдога чиқарилган

Ётоқхоналар қурилиши давом этаётган бир пайтда айрим талабалар турар жойларига тегишли объектларнинг оммавий савдога чиқарилгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.

Вазирлик Vaqt.uz суриштирувига берган муносабатида савдога чиқарилган айрим объектлар талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки ертўла, ошхона, буфет, ҳовли қисми ва бошқа ёрдамчи майдонлар эканини билдирган.

Масалан, Самарқанд давлат тиббиёт университети ётоқхонасининг 69,8 квадрат метр бўш ҳовли қисми, Фарғона давлат университетидаги 40 квадрат метр ертўла хонаси, Гулистон давлат университетидаги 37 ва 52 квадрат метрли бўш хоналар, Урганч давлат университетидаги 36 квадрат метрли ошхона ҳамда бошқа объектлар савдога чиқарилган.

Ўзбекистон миллий педагогика университетига тегишли объектларнинг сотувга чиқарилиши эса Президентнинг ПФ–70-сон фармони асосида амалга оширилаётгани билдирилган. Вазирликка кўра, университетнинг мавжуд бинолари Янги Тошкентдаги янги кампус фойдаланишга топширилгач бўшатилади. Шу билан бирга, университет маблағлари ва сотувдан тушадиган маблағлар ҳисобидан 5 минг ўринли янги талабалар турар жойлари қурилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид