Logo

Таълимга СИни жорий этиш: нима учун ўқитувчилардан бошлаш керак?

Сунъий интеллектдан фойдаланиш нархи икки йил ичида 20 доллардан 0,07 долларгача арзонлади. Аммо уни таълимга жорий қилиш масаласи қимматлигича қоляпти. Масалан, Эстония ўрта мактабларда AI’дан фойдаланиш учун йилига тахминан 4 млн евро сарфлайди.

Таълимга СИни жорий этиш: нима учун ўқитувчилардан бошлаш керак? © Prezident matbuot xizmati

Сунъий интеллект (СИ) дан фойдаланиш нархи охирги йилларда анча пасайди. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 1 млн токенни (AI қайта ишлайдиган матн бирликларини) қайта ишлаш нархи 2022-йилнинг ноябридаги 20 доллардан 2024-йилнинг октябрида 0,07 долларгача тушган. Бу тахминан 280 баравар арзонлашиш дегани.

Бироқ нархнинг пасайиши умумий харажат ҳам камайишини англатмайди. Хизмат арзонлашгани сари ундан фойдаланиш ҳажми ошади. Масалан, бир ўқитувчи AI’дан аввалгидан кўпроқ фойдалана бошласа ёки тизимга минглаб янги фойдаланувчилар қўшилса, ҳар бир сўров арзон бўлса ҳам, умумий харажат ортади. Иқтисодиётда бу ҳолат «Жевонс парадокси» деб аталади, яъни ресурсдан фойдаланиш нархи тушса, унинг истеъмоли ошади.

Харажат фақат обунадан иборат эмас

Сунъий интеллект ишлатишда харажат фойдаланиш ҳажмига қараб ўзгаради, яъни қанча кўп сўров юборилса ва қанча кўп маълумот қайта ишланса, харажат ҳам шунча ошади.

Харажатларга интернет, электр таъминоти, қурилмалар, серверлар ёки булутли ҳисоблаш хизматлари, маҳаллий тил ва ўқув дастурига мос контент ҳамда фойдаланувчиларнинг рақамли кўникмалари киради.

Муаммо шундаки, паст даромадли мамлакатларда айнан шу асосий инфратузилма етишмайди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бундай мамлакатларда мактабларнинг атиги 38 фоизи электр энергияга, 27 фоизи компютерларга, 23 фоизи эса интернетга эга.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, СИ воситасининг арзонлаётгани уни таълимга жорий этишда харажатлар паст бўлишини англатмайди.

Катта гуруҳларда янада катта харажатлар

Давлатлар СИ тизимларини кенг кўламда, дейлик 5 миллион ўқувчи учун жорий қилмоқчи бўлса, зарур инфратузилма, маълумотларни сақлаш ва киберхавфсизликни таъминлаш харажатларини қоплаши зарур.

Масалан, АҚШдаги Калифорния университети ўз кампусларида СИ’ни жорий этиш учун 16,9 млн доллар сарфлаган. Бу орқали 460 минг талаба ҳамда 63 минг ўқитувчи ва ходимлар ChatGPT Edu тизимидан бепул фойдаланади.

Эстонияда эса бошланғич ва ўрта мактабларда СИ’дан фойдаланиш учун йилига тахминан 4 млн евро сарфланади. Бунда 58 мингдан ортиқ ўқувчи ва 5 минг ўқитувчи «AI Leap» дастуридан бепул фойдаланиши мумкин.

Бундан ташқари, технологияни сотиб олиш ундан фойдаланишни кафолатламайди. Масалан, Перуда ўқитувчиларга бепул СИ лицензиялари берилган, фойдаланиш бўйича тренинг ўтказилган ва мунтазам рағбатлар ҳам кўрсатилган. Шунга қарамай, ўқитувчиларнинг атиги 15 фоизи СИдан ҳафтасига бир марта фойдаланган.

Ўқитувчиларни мунтазам тайёрлаш зарурияти

СИдан фойдаланиш кенгайгани сари ўқитувчиларни тайёрлаш ҳам асосий харажатлардан бирига айланади. Яъни СИ қанчалик тез ривожланиб бораётган бўлса, ўқитувчилар ҳам унга доимий мослашиб бориши керак.

Google–Ipsos сўровида келтирилишича, ҳозирги кунда ўқитувчиларнинг 81 фоизи СИдан касбий фаолиятида фойдаланишини билдирган, TALIS маълумотларида эса бу кўрсаткич тахминан учдан бир қисмни ташкил этади.

Шу сабабли Жаҳон банки сунъий интеллектни жорий этишда энг биринчи ўқитувчилардан бошлаш нисбатан тежамкор вариант эканини қайд этган. Бунда ўқитувчилар сони ўқувчиларникидан кам бўлгани учун компютер қурилмалари, интернет ва бошқа харажатлар ҳам пастроқ бўлади.

Жаҳон банкининг СИни жорий этишдаги тавсияси

Харажатни камайтиришнинг яна бир йўли — вазифага мос кичик тил моделларидан фойдаланиш. Катта СИ моделларини яратиш жуда қиммат. Ҳисоботда GPT-4’ни ўқитиш қиймати тахминан 100 млн доллар деб баҳоланган. Таълим тизимлари учун бундай моделни нолдан яратишдан кўра ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш самаралироқ.

Яъни кичик тил моделлари бироз кучсизроқ бўлса ҳам, аниқ вазифаларга мослаштирилади ва уларни қурилманинг ўзида ёки маҳаллий серверларда ишлатиш мумкин. Бу интернетга доимий уланиш эҳтиёжини, булутли хизмат харажатларини ва ташқи технология компанияларига боғлиқликни камайтира олади.

Харажатларни бирданига ошириб юбормаслик учун Жаҳон банки СИни уч босқичда жорий этишни таклиф қилади:

  • биринчи босқич: ўқитувчилар ишини енгиллаштиришга эътибор қаратилади. Масалан, СИ дарс режасини тайёрлаш, маъмурий ишларни камайтириш ёки ўқув материалларини ишлаб чиқишда қўлланади;

  • иккинчи босқич: технология барча ўқувчиларга бирдан берилмайди. Муайян фан, синф ёки ҳудуддаги эҳтиёжга қараб мақсадли гуруҳлар танланади;

  • учинчи босқич: СИ ўқув дастурлари, баҳолаш, ўқувчилар хизматлари ва таълим бошқарув тизимларига кенгроқ интеграция қилинади. Бу энг катта имкониятларни берса-да, бироқ энг кўп инфратузилма, маълумотлар, бошқарув ва молиявий ресурсларни ҳам талаб қилади.


Хулоса қилиб айтганда, Жаҳон банки ёндашуви СИни таълимга шунчаки киритишда эмас. Муҳими, уни қайси босқичда, қанча фойдаланувчи билан ва қандай харажатлар эвазига жорий этишни олдиндан режалаштириш. Мавжуд қурилмалардан фойдаланиш, мобил тармоқларга таяниш, офлайн ишлаш имконияти ва маҳаллий тилга мос ечимларни танлаш харажатларни камайтиришга ёрдам беради.

Теглар

Мавзуга оид

Таълимга СИни жорий этиш: нима учун ўқитувчилардан бошлаш керак? | Vaqt.uz