Logo

Тармоқда сотилаётган шахсий маълумотлар, пойтахтда давом этадиган ифлос ҳаво ва ягона транспорт чиптаси — 29 октябр дайжести

Кеча 23:002 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тармоқда сотилаётган шахсий маълумотлар, пойтахтда давом этадиган ифлос ҳаво ва ягона транспорт чиптаси — 29 октябр дайжести

Ўзбекистонликларнинг Safe Road базасидаги маълумотлари сизиб чиққани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда «Safe Road» базасига уланган миллионлаб ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотлари — ЖШШИР, паспорт нусхалари, манзиллари, телефон рақамлари ва йўл камераларидаги суратлари Telegram-ботларда сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шунингдек, inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz каби бошқа қатор хизматлар ва дўконлардаги харидларга оид фойдаланувчилар базалари ҳам сизиб чиққани айтилмоқда. «Safe Road» компанияси мазкур даъволарни асоссиз деб атаб, тармоқда сотилаётган маълумотлар илова ишга туширилишидан олдин турли манбалардан йиғилган эски база эканини маълум қилди.

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 3,6 фоизгача қисқарди — вазирлик

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, ўтган давр мобайнида камбағалликдан холи маҳаллалар сони 3 627 тага етказилган.

Натижада 824 минг фуқаро доимий иш билан таъминланиб, 4 миллиондан ортиқ аҳолининг даромадини оширишга кўмаклашилди ҳамда молиявий аҳволи яхшиланган 440 мингта оила «Ижтимоий реестр»дан чиқарилган.

Тошкентда ифлос ҳаво яна 10 кун сақланиб қолиши мумкин

Ўзгидромет хабарига кўра, Тошкент шаҳрида атмосфера инверсияси ҳодисаси яна 10 кун давом этиши кутилмоқда ва бу пойтахтда ҳаво ифлосланишининг ортишига олиб келади.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, чанг ва ифлослантирувчи моддалар атмосферага доимий равишда чиқиб туради. Шамол ва ёмғир бўлмаган шароитда ушбу моддалар ҳавода тўпланиб боради, инверсия эса уларнинг юқори қатламларга тарқалиб кетишига тўсқинлик қилади.

Ўзбекистонда поезд, самолёт ва автобуслар учун ягона чипта жорий этилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда 2030 йилгача транспорт соҳасини ривожлантириш стратегияси лойиҳасига асосан, темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини бирлаштирувчи «Бир йўл» ягона чипта тизимини 2028 йилдан бошлаб йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда 2027 йил охиригача тезюрар поездлар қатновини Андижондан Самарқандгача узайтириш ҳамда Тошкент агломерациясида вокзаллар, халқаро аэропорт ва марказий автовокзални ўзаро боғловчи ягона транспорт боғламасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда давлат корхоналарига берилган имтиёзлар хусусий бизнес ривожини чекламоқда — Жаҳон банки

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенҳассин минтақада, хусусан Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш кузатилаётган бўлса-да, бу сифатли иш ўринлари яратилишига етарлича хизмат қилмаётганини таъкидлади.

Унга кўра, давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги устун мавқеи хусусий сектор ривожини чекламоқда. Шунингдек, иш берувчиларнинг ярмидан кўпи малакали кадрлар етишмаслигини, банклар талаб қиладиган юқори фоиз ва бюрократик тўсиқлар эса кичик бизнес кенгайишига асосий тўсиқ эканини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид