Tax Free тизими чегара постларига ҳам жорий этилади

Кеча 22:502 дақиқа

ҚҚСни қайтариш имконияти энди аэропортлардан ташқари чегара постлари орқали чиқувчи сайёҳлар учун ҳам яратилади.

Tax Free тизими чегара постларига ҳам жорий этилади

Ўзбекистонда чет эл фуқаролари учун ҚҚСни қайтариш — Тах Free тизими қамрови кенгайтирилиб, айрим чегара божхона постларида ҳам жорий этилади. Бу президент қарорида белгиланиб, туризм ва чакана савдони рағбатлантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Янгиликка кўра, “Ғишткўприк” чегара божхона пости реконструкция ишлари тугаллангач, у ерда тажриба тариқасида мазкур сервис ишга туширилади. Шу орқали қуруқлик орқали мамлакатни тарк этаётган хорижий фуқаролар ҳам Ўзбекистонда харид қилган товарлари учун ҚҚСни қайтариб олиш имконига эга бўлади.

Бу ўзгариш амалдаги тизимдан сезиларли фарқ қилади. Илгари Тах Free асосан халқаро аэропортлар орқали чиқиб кетаётган сайёҳларга хизмат қилган бўлса, эндиликда унинг қамрови кенгайиб, қўшни давлатлар билан чегара орқали ҳаракатланувчи сайёҳлар ҳам қамраб олинади.

Ҳукумат ушбу чора орқали савдо ҳажмини оширишни кўзламоқда. Чунки қуруқлик орқали кириб-чиқувчи туристлар сони юқори бўлиб, улар учун ҚҚСни қайтариш имконияти яратилиши харидларни рағбатлантиради.

Қарорга мувофиқ, Тах Free хизмати рақамлаштирилади. Солиқ органларининг мобил иловасида алоҳида функция ишлаб чиқилиб, хорижий фуқароларни идентификация қилиш ва қайтариладиган маблағни автоматик ҳисоблаш имконияти яратилади. Бу жараёнларни тезлаштириб, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартиришга хизмат қилади.

Шунингдек, тизимни оммалаштириш мақсадида ахборот ва реклама ишлари кучайтирилади. Тах Free имкониятлари бир нечта тилларда тарғиб қилиниб, савдо нуқталари ва туристик ҳудудларда махсус белгилар ўрнатилади. Маълумотлар халқаро платформалар, авиакомпаниялар ва туроператорлар орқали ҳам тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан Тах Free тизими барча халқаро аэропортларда тўлиқ ишга туширилади. Унга кўра, камида 300 минг сўмлик харид қилган чет эл фуқаролари ҚҚСнинг 85 фоизини қайтариб олади.

Теглар

Мавзуга оид