
Тожикистон қачон Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қўшилиши маълум бўлди
Айни пайтда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ушбу тизимга аъзо ҳисобланади.

Тожикистон Марказий Осиё электр тармоғига қўшилиш жараёнини 2026 йилнинг биринчи ярмида якунлайди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума МДҲ Электр энергетика кенгашининг 67-йиғилишида маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вазир Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим роль ўйнашини, шу сабабли минтақавий энергетика тизимининг ишончлилигини ошириш мақсадида ҳозирда Тожикистон энергетика тизимини ягона энергия тизимига улаш лойиҳаси амалга оширилаётганини таъкидлаган.
«Лойиҳа доирасида 2024 йил июн ойи бошида Тожикистон электр тизимининг жануби-ғарбий қисми ягона тармоққа муваффақиятли уланди. Режага кўра, 2026 йил биринчи ярмида мамлакатнинг шимолий электр тармоқлари ҳам уланиши керак», - деган Д.Жума.
Шунингдек, у CASA-1000 халқаро лойиҳасининг бориши ҳақида маълумот берган. таъкидлашича, электр узатиш линиясининг Тожикистон ва Қирғизистон участкалари ишга туширилиб, келажакда электр энергияси экспорти учун замин ҳозирланган.
«Тожикистон Республикаси ўзининг улкан гидроэлектрик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширяпти. Айни пайтда бир қатор ГЭСлар, жумладан, ўрнатилган қуввати 3780 МВт бўлган Роғун ГЭСи қурилиши давом этяпти», - дея қўшимча қилган вазир.
Маълумот учун, Марказий Осиё ягона энергетика тизими собиқ СССР даврида Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Жанубий Қозоғистонни бирлаштирган катта миқёсли инфратузилма ҳисобланар эди. Тошкент диспетчерлик маркази томонидан бошқарилган бу тизим қишда сув омборларида ресурс тўплаган тоғли мамлакатларнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплаш, ёзда эса сувни қўшни давлатлар қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига йўналтириш орқали мавсумий мувозанатни таъминлаб турган. Бироқ 2000-йиллардан бошлаб зиддиятлар, айниқса Роғун ГЭСи бўйича келишмовчиликлар туфайли аввал Туркманистон, кейинроқ Ўзбекистон тизимдан чиққан ва 2009 йил декабрда энергетик ҳалқа тўхтаб қолган.
Ягона тармоқни қайта тиклаш зарурати 2014 йилги энергия танқислиги ортидан яна кун тартибига қайтди. 2017–2019 йилларда Марказий Осиё давлатлари ушбу тизимни тиклаш бўйича музокаралар ўтказиб, минтақавий электр бозорини яратишга оид декларация имзолади. Мавжуд инфратузилманинг асосий қисми сақланиб қолгани жараённи енгиллаштирди ва Қозоғистон, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон бирлашган тармоққа қайтишга қарор қилди. 2021 йилда Тожикистон ҳам «энергетика ҳалқаси»га қайта уланиш режасини билдирган. Мутахассислар фикрича, ягона тизимда ҳар бир мамлакат юклама ошган пайтда қўшнининг ортиқча қувватларидан фойдаланиши ёки захираси йўқ ҳолларда чекли истеъмолчиларни вақтинча узиш орқали барқарорликни сақлаши мумкин.





