Logo

«Тўрт марта бир хил шаблон» — AVO банк мижози нега 134 кундан бери омонатидан фойдалана олмаяпти?

Бугун 14:136 дақиқа

Ижтимоий тармоқларда AVO банк мижози Алексей Московцевнинг омонатидан 134 кундан бери фойдалана олмаётгани ҳақидаги мурожаати муҳокамаларга сабаб бўлди. Банк мижози ҳисобварағини блоклашга асос бўлган ҳужжатни банк тақдим этмаганини билдирган. AVO bank ва Марказий банк ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

«Тўрт марта бир хил шаблон» — AVO банк мижози нега 134 кундан бери омонатидан фойдалана олмаяпти? © SI asosida yaratilgan

OneDev платформаси асосчиси Алексей Московцев AVO банкдаги омонатидан 134 кундан бери фойдалана олмаётганини маълум қилди. У бу ҳақда LinkedIn’даги саҳифасида ёзган.

Московцевнинг ёзишича, у 2025-йил 9-декабр куни AVO банк мобил иловаси орқали олти ойлик омонат очган. Омонатга квартирасини сотишдан тушган маблағни жойлаштирган. Унинг таъкидлашича, пул нотариал шартнома асосида олинган ва маблағларнинг келиб чиқиши шаффоф бўлган. Oмонат очилганидан кейин ҳисобварақ бирор марта ҳам тўлдирилмаган.

2026-йил 14-май куни, яъни омонат муддати тугашига қарийб бир ой қолганида, банк унинг ҳисобварағини блоклаган. Московцевга кўра, банк блоклаш учун асос бўлган ҳужжатни унга ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам тақдим этмаган.

2026-йил 10-июнда омонат муддати тугаган. Бироқ Московцев маблағларини қайтариб ололмаганини билдирган.

Шундан сўнг у Марказий банк, Президент портали ва AVO банкнинг ўзига мурожаат қилган. Московцевнинг айтишича, банк юборган жавобларда ҳисобварақ Юнусобод тумани ички ишлар органининг талаби асосида блоклангани кўрсатилган.

2026-йил 10-сентябр куни эса унга Юнусобод тумани ИИБ томонидан 27/45-20347-сонли хат юборилган. Московцев ушбу хатда унинг депозит ҳисобварағи блоклангани асоссиз экани қайд этилганини маълум қилган.

«Ўша куннинг ўзида ушбу хатни банкка олиб бордим. Банкдаги жавоб эса шундай бўлди: ҳисобдаги блокни фақат Марказий банк олиб ташлаши мумкин, гўёки Марказий банкнинг «топшириғи» бор экан. Аммо бу топшириқнинг рақами ва санасини менга ҳозиргача айтишмади», — дея ёзади банк мижози.

11-сентябр куни у Марказий банкка яна мурожаат қилган. Унинг ёзишича, Марказий банк мурожаатни AVO банкка йўналтирган.

Московцевнинг таъкидлашича, банкнинг кейинги жавоби аввалги жавобларидан фарқ қилмаган. Унга кўра, жавобда Юнусобод тумани ИИБнинг ҳисобварақ блоклангани асоссиз экани ҳақидаги хати ҳам тилга олинмаган.

«Тўрт марта бир хил шаблон. 134 кундан бери пулимдан фойдалана олмаяпман. 11 июндан бери фоизлар ҳисобланмаяпти», — дея таъкидлаган у.

Московцев банк ва Марказий банкдан унинг ҳисобварағини блоклашга асос бўлган ҳужжатни кўрсатишни талаб қилган.

«Айнан менинг ҳисобварағим кўрсатилган ҳужжатни кўрсатинг. Агар у бўлмаса, пулимни қайтаринг», — дея ёзган у.

Московцев барча мурожаатлар, банкдан олинган хатлар, мурожаат рақамлари ва суҳбатлар ёзувлари сақланаётганини билдирган. У ушбу ҳужжатларни журналистлар ва юристларга тақдим этишга тайёрлигини ҳам маълум қилган.

«Банк қўйилган чекловни мустақил равишда бекор қилишга ҳақли эмас» — AVO банк

AVO банк ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат юзасидан 29-сентябр куни расмий баёнот берди. Банкка кўра, мижознинг ҳисобварақлари ва омонатдаги пул маблағларини тасарруф этишга чеклов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан ўтказилаётган тергов тадбирлари доирасидаги талаби асосида қўйилган.

AVO банк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонунчиликка мувофиқ банкдан ҳисобварақлар, жумладан, омонатлар, талаб қилиб олингунча сақланадиган ҳисобварақлар ва карта ҳисоблари бўйича операцияларга чеклов қўйишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканини билдирган.

«Банк қўйилган чекловни мустақил равишда бекор қилишга ҳақли эмас. Бу фақат ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тегишли ҳужжати асосида амалга оширилиши мумкин», — дейилади банк баёнотида.

Банкнинг таъкидлашича, ҳатто чеклов хато қўйилган бўлса ҳам, уни ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тегишли кўрсатмасисиз бекор қилиш мумкин эмас.

AVO банк Московцев томонидан давлат органидан олинган хат тақдим этганини ҳам маълум қилган. Банк ушбу ҳужжатни кўриб чиқиб, у чекловни бекор қилиш тўғрисидаги ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг процессуал ҳужжати эмаслигини билдирган.

Шунингдек, банк мазкур ҳужжат пул маблағларини блокдан чиқариш учун қонунчиликда белгиланган асос бўла олмаслигини мижозга ёзма равишда маълум қилганини билдирган.

AVO банк, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушадиган махфий ёки хизмат доирасидаги хусусиятга эга айрим ҳужжатлар қонунчиликка кўра банк томонидан тақдим этилиши мумкин эмаслигини билдирган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан жисмоний шахс мол-мулкига қўйилган хатловни бекор қилувчи процессуал ҳужжатни чиқаришни талаб қилиш банкнинг ваколатига кирмайди.

«Бундай ҳужжатлар берилишини сўраб илтимоснома киритиш ва уларни талаб қилиш — маблағлар эгаси сифатида фуқаронинг ўзига тегишли ҳуқуқдир», — дейилади баёнотда.

Банк чекловни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатни кутмоқда

AVO банк вазиятни аниқлаштириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Марказий банкка мурожаат қилганини билдирган. Банкнинг маълум қилишича, чекловни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжат ҳозиргача банкка келиб тушмаган.

«Чекловни бекор қилиш муддатлари банкка боғлиқ эмас ва ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг қарори билан белгиланади», — дейилади AVO банк баёнотида.

Банк тегишли ҳужжат келиб тушганидан сўнг маблағларни блокдан чиқариш бўйича зарур чораларни зудлик билан кўришини билдирган.

AVO банк: омонат бўйича фоизлар ҳисобланган

Московцев ўз мурожаатида 11-июндан бошлаб омонат бўйича фоизлар ҳисобланмаётганини маълум қилган эди. AVO банк эса бу фикрга изоҳ бериб, депозит ҳисобварағидаги маблағларни тасарруф этишга чеклов қўйилиши омонат бўйича фоизлар ҳисобланишини тўхтатмаслигини билдирган.

Банкнинг таъкидлашича, фоизлар банк омонати шартномаси шартлари ва амалдаги тартиб-таомилларга мувофиқ, омонат шартномасининг амал қилиш муддати тугагунга қадар ҳисоблаб борилган.

Банк, шунингдек, мижознинг ўз манфаатларини, жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишини билдирган. AVO банк ўзининг барча ҳаракатлари қонунчилик талабларига асослангани ва уларнинг қонунийлигини белгиланган тартибда асослаб беришга тайёрлигини маълум қилган.

«Ҳисобварақдаги чекловни банк ҳам, регулятор ҳам мустақил бекор қила олмайди» — Марказий банк

Марказий банк 30-сентябр куни ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Регуляторнинг қайд этишича, масала истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан батафсил кўриб чиқилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, AVO банк мижозининг ҳисобварақлари бўйича операциялар Юнусобод тумани прокурори рухсати билан Юнусобод тумани ИИОнинг тегишли қарори асосида чекланган.

Регулятор Жиноят-процессуал кодексининг 294-моддасига кўра, банкларда сақланаётган пуллар олиб қўйилмаслиги, бироқ мол-мулк хатлангани тўғрисидаги қарор ёки ажрим олинганидан сўнг уларни сарфлаш бўйича операциялар тўхтатилиши мумкинлигини билдирган.

Шу сабабли, Марказий банкнинг таъкидлашича, тижорат банклари ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида қўйилган талабларни бажариши шарт.

«Бундай талаб мавжуд бўлган тақдирда, банк юқорида қайд этилган органнинг ҳисобвараққа қўйилган чекловни бекор қилиш ҳақидаги қарори олинмагунига қадар белгиланган чекловни мустақил равишда бекор қилишга ҳақли эмас», — дейилади Марказий банк изоҳида.

Регулятор, шунингдек, ҳисобвараққа чеклов қўйиш ҳақидаги қарорнинг қонунчиликка мувофиқлигини мустақил равишда баҳолаш тижорат банки ёки Марказий банк ваколатига кирмаслигини билдирган.

Марказий банкка кўра, ушбу мижознинг ҳисобварақларига қўйилган чеклов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг банкка юборган уни бекор қилиш ҳақидаги расмий қарори ёки суднинг тегишли қарори асосида олиб ташланиши мумкин.

Регулятор AVO банк мижозга ҳисобварақларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг қарори асосида чеклов қўйилгани ҳақида 2026-йил 3-июн ва 10-июл кунлари ёзма равишда маълум қилганини ҳам қайд этди.

Марказий банк мазкур масалани назоратда сақлашда давом этишини билдирди.

Шу ўринда, Марказий банк 2-октябр куни тижорат банкларининг омонат шартномалари бўйича ўрганиш натижаларини ҳам очиқлади. Регулятор айрим банкларда омонатчининг маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин бўлган шартлар аниқланганини маълум қилди.

Марказий банкка кўра, омонат туридан қатъи назар, банк омонатчининг талаби билан омонат суммасини ёки унинг бир қисмини қайтариши шарт. Истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган ва қонунчиликка зид шартлар эса ҳақиқий ҳисобланмайди.

Регулятор тижорат банкларига бундай шартларни аниқлаш ва зудлик билан бартараф этиш бўйича талаб қўйган.


Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 212

Барчаси

Мавзуга оид

«Тўрт марта бир хил шаблон» — AVO банк мижози нега 134 кундан бери омонатидан фойдалана олмаяпти? | Vaqt.uz