Logo

Тошкент марказидаги собиқ «Yangi bank» биноси 120 млрд сўмга аукционга қўйилди

Кеча 23:002 дақиқа

Аукционда қатнашиш учун талаб қилинадиган закалат пули 1,2 миллиард сўмни ташкил этади.

Тошкент марказидаги собиқ «Yangi bank» биноси 120 млрд сўмга аукционга қўйилди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган «Yangi bank» АЖга тегишли бино ва иншоотлар «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилди. Бошланғич баҳоси 120 миллиард сўм этиб белгиланган мазкур объект бўйича аукцион савдолари 2026 йил 5 октябр куни соат 10:00 да бўлиб ўтади.

Лот маълумотларига кўра, Амир Темур шоҳкўчаси, 99-уйда жойлашган ушбу 5 қаватли бино 2017 йилда қурилган. Объектнинг умумий ер майдони 0,25 гектарни, бинонинг умумий майдони эса 3 648 квадрат метрни (шундан фойдали майдони 2 548,36 кв.м) ташкил қилади.

Бино жами 47 та хонадан иборат бўлиб, барча муҳим коммуникация тармоқларига (газ, электр, сув, канализация) тўлиқ уланган ва ҳолати яхши деб баҳоланмоқда. Ушбу премиум даражасидаги объект дастлаб молия ташкилотининг бош офиси сифатида лойиҳалаштирилган.

Унинг инфратузилмаси бинодан банк, финтех-компания, корпоратив штаб-квартира ёки IT-хаб сифатида кенг фойдаланиш имконини беради.

Маълумот ўрнида, объектни сотиш «Yangi bank» АЖ Тугатиш комиссиясининг тегишли баённомасига асосан амалга оширилмоқда. Аукционда қатнашиш учун талаб қилинадиган закалат пули 1,2 миллиард сўмни ташкил этади ва харидорлардан аризалар 5 октябр соат 09:00 га қадар қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарори билан «Янги банк» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинганди.

Марказий банк талабларига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги банкларда устав капиталининг энг кам миқдори 500 млрд сўмни ташкил қилиши керак.

Бироқ, 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, «Янги банк»нинг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил этган. Регулятор томонидан устав капитали бўйича талабларни бажариш ҳақида бир неча бор огоҳлантирилган.

Шунга қарамасдан, «Янги банк» ушбу масала бўйича етарли амалий чоралар кўрилмаган. Бу эса банк лицензиясини чақириб олиш учун асос бўлган. «Янги банк»нинг жами молиявий зарари 171 млрд сўмдан ошган эди. Ушбу зарарнинг катта қисми 2025 йилда шаклланган.

Бундан ташқари жорий йилнинг январ ойида Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметов «Янги банк»ни сотишдан аввал унга потенциал мижоз қидирган, лекин харидор топилмаганини маълум қилган эди.

Жорий йилнинг июн ойида «Янги банк»нинг бош офиси сотувга қўйилганди.

Теглар

Мавзуга оид