add

Тошкент ва Навоийда мансабдорлар пора билан қўлга олинди

Бугун 12:35941

Оҳангарон туманида фермердан пора талаб қилган солиқ инспектори ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Навоийда эса спорт мактаби раҳбарлари мураббийнинг хизмат сафари пулларидан улуш талаб қилганликда айбланмоқда.

Тошкент ва Навоийда мансабдорлар пора билан қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Навоий вилоятларида мансабдор шахсларнинг пора олиш билан боғлиқ қилмишларини фош этди.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг сайёр текширувлар бўлими катта инспектори Ангрен шаҳридаги фермер хўжалигидан 5 минг АҚШ доллари пора талаб қилган. У текширув натижаларини ижобий ҳал қилиш ва кейинги бир йил ичида солиқ органлари томонидан қайта текширув ўтказилмаслигини таъминлашни ваъда қилган. Инспектор Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбир чоғида талаб қилинган маблағни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Иккинчи ҳолат Навоий вилоятида аниқланган. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси мураббийнинг хизмат сафари пулларидан «улуш» сўрашда гумон қилинмоқда. Улар 2025 йилнинг март ва май ойларида спортчилар билан Тошкентда бўлган мусобақалар учун ажратилган 40 миллион 722 минг сўмдан 40 фоизини — 16 миллион сўмдан ортиқ қисмини пора сифатида талаб қилган.

Бош ҳисобчи мураббийнинг картасига 10 миллион сўм ўтказиб, шундан 3 миллион сўмини шахсан олаётган вақтида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ушланган.

Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Давлат органлари аҳолини қонунга хилоф йўллардан йироқ бўлишга ва ҳар қандай коррупция ҳолати ҳақида тегишли идораларга хабар беришга чақирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда ҳоким ўрибосари пора билан қўлга тушганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкент ва Навоийда мансабдорлар пора билан қўлга олинди | Vaqt.uz