
Андижонда ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди
Андижон вилоятида туман ҳокими ўринбосари 60 сотих ер учун 15 минг доллар пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Андижон вилоятидаги туман ҳокими ўринбосари пора олаётган вақтда қўлга олинган.
Унинг фуқародан ер ажратиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун 15 минг доллар талаб қилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, ҳоким ўринбосари мансаб мавқейидан фойдаланиб, туман ҳудудидан ўтган йўл бўйидаги 400 метрлик сув йўлини ёпиқ тизимга ўтказган. Бу ҳаракат натижасида 60 сотих бўш ер майдони пайдо бўлган.
Айбланувчи мазкур ерда ҳар бири 30 квадрат метр бўлган саккизта савдо дўкони қуриш учун ер ажратиш ва зарур ҳужжатларни юқори лавозимли танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Шу хизматлар эвазига у фуқародан 15 минг доллар талаб қилган ва пулни қабул қилаётган вақтда ушланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у келишилган миқдордаги пулни тўлиқ олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида у қамоқ эҳтиёт чораси билан ушлаб турилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида тадбиркордан 35 минг доллар пора талаб қилган собиқ солиқ ходими қўлга олинганлиги ҳақида хабар берган эдик.





