Logo

Тошкент халқаро молия маркази глобал индексга киритилиши мумкин — эксперт

Бугун 19:245 дақиқа

Геосиёсий кескинликлар ва глобал хавфлар шароитида диверсификация молия институтлари учун стратегик заруратга айланмоқда. Халқаро эксперт Хубертус Ватнинг фикрича, бу Ўзбекистон ва Тошкент халқаро молия маркази учун янги имкониятлар очиши мумкин.

Тошкент халқаро молия маркази глобал индексга киритилиши мумкин — эксперт

22-октябр куни Хорижий инвесторлар кенгаши доирасида Тошкент халқаро молия марказини (ТХММ) ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.

Йиғилишда инвесторлар олдида турган амалий тўсиқлар, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд фаолиятни кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар муҳокама қилинди.

Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти раҳбари Азиз Ғофуров йиғилишда марказни ташкил этиш мақсадлари ва ишчи гуруҳнинг бундаги ўрнига изоҳ берди.

«Мақсадимиз шунчаки яна бир халқаро молия марказини ташкил этиш эмас. Биз инвесторлар амалда фойдаланадиган молия марказини яратмоқчимиз», — деди Ғофуров.

Ишчи гуруҳ эса марказ стратегияси ва ихтисослашувини ишлаб чиқишдан тортиб, молиявий маҳсулотлар, хизматлар ва зарур инфратузилмани шакллантиришгача бўлган жараёнларда иштирок этади.

Инвесторлар эҳтиёжлари асосий мезон бўлади

Ғофуровнинг сўзларига кўра, инвесторларнинг таклифлари умумлаштирилиб, амалий тавсиялар шаклида тегишли давлат органлари ва ТХММ лойиҳа жамоасига тақдим этилади. Ушбу жараён бир марталик маслаҳатлашув билан чекланмайди. Келгусида ишчи гуруҳ йиғилишлари ва мақсадли муҳокамаларни давом эттириш режалаштирилган.

Инвесторлар марказ экотизимини шакллантиришда молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, халқаро тажриба билан ўртоқлашиш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали ҳам қатнашиши мумкин.

IMG_20261022_151437

ТХММни ривожлантиришда учта устувор йўналиш

«JP Morgan» компаниясининг Ўзбекистондаги ижрочи директори ва ишчи гуруҳ ҳамраиси Бобохон Абдуллаев марказни ривожлантириш Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал молиявий тизимдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Унинг фикрича, бунинг учун янги институт ташкил этишнинг ўзи етарли эмас. Пухта ҳуқуқий база, самарали институционал механизмлар ва манфаатдор томонларнинг мувофиқлаштирилган фаолияти зарур.

«Демак, бугунги вазифамиз — мақсад ва ниятлардан амалий ижрога ўтиш», — деди Абдуллаев.

У ишчи гуруҳ фаолиятининг учта асосий йўналишини қайд этди:

Биринчиси — инвесторлар билан мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжлари ва инвестицияларга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш;

Иккинчиси — шаклланган халқаро молия марказларининг институционал моделлари, ҳуқуқий асослари ва молиявий инфратузилмасини ўрганиш;

Учинчиси эса ТХММнинг рақобат устунликларини аниқлаш, ихтисослашув йўналишлари ва устувор молиявий маҳсулотларни белгилашдан иборат.

Ўзбекистон халқаро инвесторлар эътиборида

Йиғилишда Халқаро молия марказлари Жаҳон алянси раиси ўринбосари Ҳубертус Ват ҳам сўз чиқди.

Ватнинг фикрича, мамлакатдаги иқтисодий ўсиш, кенг кўламли ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг стратегик аҳамияти ортиб бораётгани халқаро молия институтлари ҳамда бозор иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Шунингдек, мамлакатнинг биржа листинги, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилаётган механизмлар ҳам халқаро миқёсда ижобий баҳоланган.

IMG_20261022_151449

У бунга мисол сифатида Бангкокда SWIFT директорлар кенгашининг яқинда тайинланган аъзоси билан суҳбатлашганини келтирди. Унинг айтишича, суҳбатдоши Ўзбекистонга ташриф буюриш ва мамлакатнинг SWIFT глобал тўлов тизимига интеграциясини янада кучайтиришга қизиқиш билдирган.

«Ўзбекистон энди нима учун халқаро эътиборга лойиқ эканини тушунтириб ўтириши шарт эмас. Энди бу эътиборни ҳамкорлик, инвестициялар ва институционал шерикликка айлантириш керак», — деди Жаҳон алянси раиси ўринбосари.

Ват, шунингдек, Тошкент халқаро молия маркази Z/Yen томонидан тузиладиган Глобал молия марказлари индексига киритилиш арафасида эканини билдирди. Унинг фикрича, бу Тошкентнинг халқаро молия ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва шаҳарни глобал молиявий марказлар қаторида танитиш учун имконият яратади.

Халқаро молия бозорида яна бир муҳим тенденция — барқарорликни таъминлаш ва фаолиятни диверсификация қилишга эътибор кучаймоқда. Ватнинг айтишича, аввал молия институтлари учун самарадорлик, харажатларни камайтириш ва ўсиш асосий мақсад бўлган бўлса, бугун геосиёсий кескинликлар, технологияларга қарамлик, хавфларнинг бир жойда тўпланиши ва операциялар узлуксизлигини таъминлаш зарурати стратегик қарорларга тобора кўпроқ таъсир қилмоқда.

«Диверсификация энди шунчаки инвестиция стратегияси эмас, балки операцион заруратга айланмоқда», — деди у.

Ватнинг фикрича, бу Ўзбекистон учун янги имкониятлар яратади. Тошкент халқаро молия институтларининг ўрта офис операциялари, бизнес узлуксизлигини таъминлаш, захира операциялари, аутсорсинг ва бошқа ёрдамчи фаолият турлари учун муқобил манзилга айланиши мумкин. Бунда мамлакатнинг ёш ишчи күчи, рақобатбардош харажатлари, яхшиланаётган инфратузилмаси ва ислоҳотларга йўналтирилган сиёсати устунлик бериши мумкин.

Ват халқаро молия бозорларида мамлакатнинг мавқеи ва индекслардаги ўрни ҳам муҳимлигини таъкидлади. У Индонезия мисолини келтириб, мамлакатнинг MSCI индексларидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ва хавотирлар фонида ўнлаб миллиард долларлик активлар мамлакатдан чиқиб кетганини қайд этди.

«Иқтисодиёт кўлами ва ўсишнинг ўзи молия марказининг рақобатбардош деб тан олинишини кафолатламайди», — деб тушунтиради Халқаро молия марказлари вакили.

У ТХММга Ўзбекистонни халқаро индексларда чегара бозорлар сегментидан ривожланаётган бозорлар сегментига олиб чиқишга қаратилган пухта стратегия ишлаб чиқишни тавсия қилди. Бундай ёндашув халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва мамлакатга катта ҳажмдаги капитални жалб қилиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.

«Имкониятлар ойнаси очиқ. Ўзбекистон халқаро эътибор марказида. Энди Тошкентни ҳам глобал молия харитасига киритиш вақти келди», — дея хулоса қилди Ват.

Эслатиб ўтамиз, 25-июлдан кучга кирган қонун билан Тошкент халқаро молия маркази учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилган. Марказ иштирокчилари 2076-йилгача солиқ имтиёзларидан фойдаланиши, капитални чекловларсиз олиб чиқиши ҳамда инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритиши мумкин бўлади.

Сентябр ойида президент фармони билан Саида Мирзиёева амалдаги лавозимини сақлаган ҳолда Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланганди.

Vaqt.uz аввалроқ кимлар марказ иштирокчиси бўла олиши ва имтиёзлардан фойдалана олиши ҳақидаги мақолани эълон қилганди.

Теглар

Мафтуна Яхшиликова

Мафтуна ЯхшиликоваМақолалар сони: 211

Барчаси

Мавзуга оид

Тошкент халқаро молия маркази глобал индексга киритилиши мумкин — эксперт | Vaqt.uz