
Тошкентда «Авиасозлар» бозорида йирик ёнғин юз берди
Тошкент шаҳрида жойлашган «Авиасозлар» бозори ҳудудида тунги пайт йирик ёнғин содир бўлди, ёнғин фавқулодда хизматлар томонидан тўлиқ бартараф этилди.

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган «Авиасозлар» (собиқ «Кадишева») бозори ҳудудида 13 декабрга ўтар кечаси йирик ёнғин содир бўлди. Ҳодиса бозорнинг Бешариқ кўчаси томонида жойлашган маъмурий биноларидан бирида рўй берган.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилишича, ёнғин ҳақидаги хабар тунги соат 01:30 да келиб тушган. Қутқарув ва ёнғин ўчириш экипажлари соат 01:34 да воқеа жойига етиб борган ва дарҳол ўчириш ишларини бошлаган.
Ёнғин қисқа вақт ичида кенгайиб кетиш хавфи юқори бўлганига қарамай, соат 02:29 да қуршаб олинган. Фавқулодда хизматлар томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида ёнғин соат 03:03 да тўлиқ ўчирилган. Вазирлик вазият тўлиқ назоратга олинганини билдирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Бироқ, моддий зарар ҳажми ва ёнғин чиқиш сабаблари ҳозирча очиқланмаган. Ҳодиса юзасидан тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.





