add

Тошкентда FIA Awards Ceremony 2025 маросими бўлиб ўтди — фотолар

Бугун 10:322321 дақиқа

Тошкент шаҳрида FIA Awards Ceremony 2025 тантанали маросими ўтказилди, унда «Формула-1» ва жаҳон автоспортининг етакчи юлдузлари иштирок этди.

Тошкентда FIA Awards Ceremony 2025 маросими бўлиб ўтди — фотолар

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги «Humo» спорт аренасида FIA Awards Ceremony 2025 тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир жаҳон автоспорти мавсуми якунларини сарҳисоб қилишга бағишланиб, «Формула-1» ва бошқа халқаро автопойга серияларининг нуфузли вакилларини бир жойга жамлади.

Кечанинг асосий воқеаси «Формула-1»нинг 2025 йилги жаҳон чемпиони сифатида McLaren жамоаси пилоти Ландо Норрисга чемпионлик совринининг топширилиши бўлди. У мавсум якунланганидан бир неча кун ўтиб, Абу-Дабидаги сўнгги босқичдан кейин расман 35-чи жаҳон чемпиони сифатида тақдирланди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.

Мавсум якунига кўра иккинчи ўринни Макс Ферстаппен эгаллади. У соғлиғи сабаб маросимда шахсан иштирок эта олмади, аммо видеомурожаат орқали Ландо Норрис ва McLaren жамоасини чемпионлик билан табриклади.

Шунингдек, маросим давомида Конструкторлар кубоги ҳам McLaren жамоасига топширилди. Жамоа ушбу мукофотни кетма-кет иккинчи йил ва ўз тарихида ўнинчи марта қўлга киритди. Чемпионатнинг бошқа совриндорлари, жумладан, Ландо Норриснинг жамоадоши Оскар Пиастри ҳам тақдирланди.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев FIA раҳбарияти билан учрашиб, автоспортни ривожлантириш ва келгусида «Формула-1» босқичини Ўзбекистонда ўтказиш истиқболларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид