Тошкентда ички ишлар органлари мингга яқин жиноят яширгани аниқланди

Кеча 22:201 дақиқа

Пойтахтда ички ишлар органлари томонидан жиноятларни яшириш ҳолатлари аниқланиб, 954 та ноқонуний қарор бекор қилинди ва улар бўйича жиноят ишлари қайта қўзғатилди.

Тошкентда ички ишлар органлари мингга яқин жиноят яширгани аниқланди

Тошкент шаҳар прокурори Анвар Ўрмонов маълум қилишича, ўтган йил давомида жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатларини аниқлаш бўйича кенг қамровли назорат тадбирлари ўтказилган. Натижада ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган 954 та қарор ноқонуний деб топилиб, бекор қилинган.

Яширилган жиноятлар

Ушбу ҳолатларнинг 537 таси шаҳар миқёсидаги маҳкамаларга, 417 таси эса туман даражасидаги органларга тўғри келади. Яширилган жиноятлар орасида 23 таси оғир турдаги жиноятлар экани қайд этилди. Шунингдек, учта ҳолатда жиноятлар умуман рўйхатга олинмасдан яширилгани маълум бўлди.

Прокуратура томонидан терговга қадар текширув ва дастлабки тергов жараёнлари устидан ҳам алоҳида назорат ўрнатилган. Хусусан, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш бўйича 124 та қарор бекор қилиниб, иш қайта кўриб чиқиш учун юборилган.

Жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ноқонуний қарорлар

Бундан ташқари, 70 та жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатиш ҳақидаги қарорлар ҳам ноқонуний деб топилиб, бекор қилинган. Прокурор назорати доирасида текширувлар қонунийлик, холислик ва тўлиқлик тамойиллари асосида олиб борилгани таъкидланди.

Статистикага кўра, 2025 йилда Тошкент шаҳрида жами 30 600 та жиноят рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 4,7 фоизга камайган. Қайд этилган жиноятларнинг асосий қисмини — 16 248 тасини кибержиноятлар ташкил этган.

Шу билан бирга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони ҳам камайиб, 7 681 тани ташкил этган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 13,8 фоизга паст кўрсаткичдир.

Теглар

Мавзуга оид