Тошкентда Мадина Қосимбоева номидаги каштачилик мактаб-устахонаси очилди

26.10.2025 | 22:001 дақиқа

«Сузук ота» ҳунармандлар маҳалласида ташкил этилган янги ижодий маконда ёш қизларга миллий каштачилик анъаналарини ўрганиш, ижод қилиш ва мустақил фаолият юритиш имконияти яратилди.

Тошкентда Мадина Қосимбоева номидаги каштачилик мактаб-устахонаси очилди

Кеча Тошкент шаҳридаги «Сузук ота» ҳунармандлар маҳалласида Мадина Қосимбоева номидаги каштачилик мактаб-устахонаси очилди. Янги ижодий майдон бир вақтнинг ўзида ўқув маркази, устахона ва галерея вазифасини бажаради.

Мактабнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этди.

Мазкур мактаб учун ер майдони Ўзбекистон Президентининг топшириғига мувофиқ ажратилган бўлиб, лойиҳа миллий касҳтачилик анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, шу билан бирга қизларга ўқиш, илҳомланиш ва мустақил ижод қилиш имкониятини яратишга қаратилган.

Мадина Қосимбоева ўзининг ноёб истеъдоди, меҳнатсеварлиги ва санъатга садоқати билан Тошкент сўзанадўзлик мактабига янги ҳаёт бағишлаган ҳунарманд сифатида эътироф этилди. Унинг фаолияти орқали миллий нақш ва безаклар замонавий ижодий йўналишлар билан уйғунлашиб, янги авлод қўлида давом этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар миллий ҳунармандчиликни қайта тиклаш ва ёшларни ана шу соҳада тарбиялаш мамлакат маданий сиёсатининг муҳим йўналиши эканини таъкидлаб ўтишди. Янги устахонада ёш дизайнерлар ва каштачи қизлар учун маҳорат дарслари, кўргазмалар ҳамда амалий санъат бўйича курслар ташкил этилиши режалаштирилган.

Мадина Қосимбоевага миллий меросни сақлаб қолиш ва уни янги авлодга етказишдаги хизмати учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Теглар

Мавзуга оид