add

Трамп ядровий қурол синовларини қайта бошламоқчи: бу нима англатади ва оқибати нима бўлади?

01.11.2025 | 17:254557

Трампнинг баёнотларидан аниқ хулоса чиқариш қийин — гап аниқ нима ҳақида кетмоқда? Агар у чиндан ҳам ядровий портлашлар ҳақида гапираётган бўлса, у ҳолда инсоният хавфли қарама-қаршилик босқичига яқинлашмоқда.

Трамп ядровий қурол синовларини қайта бошламоқчи: бу нима англатади ва оқибати нима бўлади?

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ядровий синовларни қайта бошлашини эълон қилди. Бу ҳақда у Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашув арафасида Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди. 

«АҚШда бошқа исталган мамлакатга қараганда кўпроқ ядровий қурол бор. Биз бу натижага президентликдаги илк муддатимда мавжуд қуролларни тўлиқ модернизация қилиш ва янгилаш орқали эришдик. Бу қуролларнинг улкан вайронкорлиги туфайли мен БУНИ ҚИЛИШНИ ЖУДА ХОХЛАМАГАН ЭДИМ, аммо менда бошқа илож йўқ» — деб ёзди Доналд Трамп.

Ядровий қуроллар синовини қайта бошлашга буйруқ берганини эса у шундай тушунтирган:

«Россия иккинчи ўринда, Хитой эса анча орқада бўлса-да, 5 йил ичида улар тенглаша олади. Бошқа мамлакатлар ўтказаётган синов дастурларини ҳисобга олган ҳолда, мен ҳарбий вазирликка биз ҳам тенг асосда ядровий қуролларимизни синовдан ўтказишни бошлаш буйруғини бердим. Бу жараён дарҳол бошланади. Бу масалага эътиборингиз учун раҳмат!» — деб ёзди у Truth Social икроблоглар сервисида.

Вашингтонга қайтиб келаётганида, президентлик самолёти саҳнида у ниятларини яна бир бор таъкидлади:

«Агар бошқалар синов ўтказаётган бўлса, менимча, биз ҳам худди шундай қилишимиз маъқул».

Бироқ Трампнинг айрим баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Бугунги кунда дунёда ядровий синов дастурига эга ягона мамлакат — КХДР. У ҳам 2018 йилда портлашларни тўхтатган. Бошқа ҳеч бир давлат сўнгги йилларда ядровий портлашлар ўтказмаган.

Бироқ гап ядровий қурол, хусусан, дунёдаги энг йирик арсеналлардан бири ҳақида кетганда, ҳар қандай ноаниқлик ва хатолар, одатда, энг ёмон сценарий фойдасига талқин қилинади. Шунинг учун Трампнинг постини кўпчилик айнан ядровий синовларга тайёргарлик бошлангани ҳақидаги эълон сифатида қабул қилди.

Бироқ Оқ уй раҳбари Пентагонга ядровий синовларни бошлашни шунчаки буюра олмайди, чунки бу соҳадаги ваколатлар АҚШ Энергетика вазирлигига тегишли.

Бундан ташқари, «дарҳол бошлаш» ҳам амалий жиҳатдан мумкин эмас — ядровий синовлар учун узоқ ва пухта тайёргарлик талаб қилинади.

Шу сабабли кўплаб таҳлилчилар Трамп эҳтимол, ядровий қурол ташувчи ракеталарнинг синовини назарда тутган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сурди. Ахир бундай синовларни айнан Пентагон амалга оширади.

Аммо АҚШ ҳам, Россия ҳам бу каби ракеталарни мунтазам равишда синовдан ўтказиб туради. Масалан, 2025 йилнинг 19 феврал ва 21 март кунлари Америка қитъалараро баллистик ракеталар учирган. Албатта, улар ядровий каллакларсиз бўлган.

Аммо ядровий портлашли синовлар ўтказиш учун янада жиддий ва асосли тўсиқлар мавжуд, дейилади BBC материалида.

 

Шартнома

1996 йилдан бери ядровий синовларни умумқамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома — ЯСУТШ (Comprehensive Nuclear-Test-Ban Treaty — CTBT) мавжуд.

Бу шартномани 187 та давлат имзолаган, шулардан 178 таси уни ратификация қилган. Аммо шартноманинг кучга кириши учун унда белгиланган асосий 44 та давлат томонидан ҳам имзоланиши, ҳам ратификация қилиниши шарт. Ҳозирча улардан тўққизтасининг ратификацияси етишмаяпти.

Шартномани умуман имзоламаган давлатлар қаторида КХДР, Ҳиндистон ва Покистон бор. Имзолаган, лекин ратификация қилмаганлар орасида эса АҚШ, Исроил ва Россия бор — буларнинг барчаси ядровий қуролга эга давлатлар ҳисобланади. Россия шартномани имзолаганига қарамасдан, 2023 йили унинг ратификациясини бекор қилган.

Бир қарашда, шартнома расман кучга кирмагани учун давлатларни ядровий синовлардан тийиб турадиган ҳеч қандай ҳуқуқий тўсиқ йўқ.

Бироқ бошқа тарафдан — 1990-йиллар охиридан буён бутун дунёда жами ўнта ядровий портлаш амалга оширилган, холос. Ҳиндистон ва Покистон 1998 йилда иккитадан синов ўтказган, КХДР эса 2006 йилдан 2017 йилгача олтита портлаш қилган. Демак, бу шартнома маълум маънода иш беряпти.

БМТ маълумотларига кўра, 1945 йилдан 1996 йилгача дунёда 2000 тадан ортиқ ядровий синов амалга оширилган.

СССР сўнгги ядровий синовни 1990 йилда ўтказган, Буюк Британия — 1991 йилда, АҚШ — ундан бир йил кейин. Франция ва Хитой эса 1996 йилда ядровий синовларга чек қўйган.

Халқаро сиёсатда ядровий синовларни ўтказмасликка нисбатан сукутли «табу» шаклланган ва ушбу тамойилни бузган давлат жаҳон ҳамжамияти олдида обрўсини жиддий йўқотади.

 

Ядровий синовлар нега керак?

Ядровий синовлар янги ядровий қуроллар яратиш, мавжуд арсенални модернизация қилиш ҳамда уни доимий жанговар шай ҳолда ушлаш учун зарур. Ҳарбийлар ядровий уруш юз берган тақдирда, бомбалар ишламай қолмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлишади.

Бу ўринда ядровий зарядлар техник жиҳатдан жуда мураккаб қурилмалар ҳисобланади. Улар энг оғир ва экстремал шароитларда ишлаши учун лойиҳалаштирилган.

Аммо ҳозирги кунда тўлиқ миқёсдаги портлашларни амалга ошириш мумкин бўлмагани боис муҳандислар шундай аталган «субкритик» синовларни ўтказишмоқда. Охирги шундай синов 2024 йил май ойида амалга оширилган.

Бу турдаги тажрибада юқори ҳарорат ва босимни юзага келтириш учун портловчи моддалардан фойдаланилади ва бу таъсир махсус ядровий материалларга йўналтирилади. Бироқ тўлиқ синовлардан фарқли ўлароқ, бунда материаллар таркиби ва конфигурацияси ўз-ўзини қўллаб-қувватловчи занжирсимон ядровий реакцияни юзага келтиришга имкон бермайди.

Бошқача айтганда, олимлар тажриба давомида реакцияни деярли бошлаш даражасига етказишади, лекин уни ишга туширишмайди.

Яна бир йўл — ядровий портлашни компютер моделлаштириши орқали амалга ошириш, бу жараёнда барча параметрлар ҳисобга олинади.

Бироқ на субкритик тажрибалар, на компютер симуляциялари тўлиқ ядровий портлашни тўлиқ алмаштира олади.

«Техник нуқтайи назаридан олганда, ядровий давлатлар реал портлашларсиз ҳам ядровий қуроллар яратиш ва ишлаб чиқариш қобилиятига эга. Лекин ЯСУТШ шартномаси ва ядровий синовларни тақиқлашнинг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан шундан иборат — янги ядровий қуролларни осонликча ишлаб чиқаришнинг олдини олиш. Синовларга тақиқ қўйиш айнан мана шу қийинчиликни юзага келтириши керак эди. Ҳа, замонавий технологиялар синовлар шарт эмас дегандек кўринади, аммо синовларсиз яратилаётган зарядларнинг самарадорлиги масаласи — бу ҳали номаълум ҳудуд», — деди BBCʼга берган интервюсида Куинс университети Халқаро ва мудофаа сиёсати маркази вакили Максим Старчак.

 

Нега Трамп ядровий синовлар ҳақида ёзди?

Доналд Трампнинг Truth Social тармоғидаги постида Хитой ядровий арсеналидаги ўсиш тўғрисида сўз боради. Шунингдек, Трамп бу баёнотни Хитой раҳбари билан учрашув олдидан ёзган.

Шу боис, мантиқан олиб қаралса, мазкур баёнотнинг асосий манзили — Хитой Халқ Республикаси.

Хитой ядровий арсенали ўсиши ва уни модернизация қилиши АҚШни жиддий ташвишга солмоқда. Америкаликлар бу масалани стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги СҲҚ-III шартномаси муҳокамаларида кўтаришган.

«Америкалик ядровий қуроллар ишлаб чиқарувчилари ядровий портлашларсиз ҳам ядровий бомбаларни қўлланишга тайёр ҳолда ишлаб чиқариш мумкинлигини тасдиқлашмоқда. Яъни, бу ҳолда ядровий синовлар масаласи сиёсий масалага айланади. АҚШда шундай фикр борки, ядровий синовлар Хитойни стратегик қуролларни қисқартиришга доир келишувларга қўшилишга ундаши мумкин», — дейди Максим Старчак.

Мазкур шартнома 5 феврал куни амал қилишдан тўхтайди, аммо Россия 2023 йилда ундаги иштирокини тўхтатган эди. Сентябр ойида Владимир Путин АҚШга мурожаат қилиб, шартнома амал қилиши тугаганидан кейин яна бир йил давомида унинг чегараларига риоя этишни ихтиёрий равишда эълон қилишни таклиф этди.

Бироқ Лондондаги Қироллик Умумий Мудофаа Тадқиқотлари Институти (RUSI) мутахассисларининг фикрича, Россия ядровий арсенални модернизация қилишда қийинчиликларга дуч келаётган бўлиши мумкин ва шу орқали қуролланиш пойгасини чеклаш мақсадида шартномани узайтириш тарафдори бўлмоқда.

Шу билан бирга, Доналд Трамп ва Си Жинпинг учрашувидан илгариги сўнги кунларда Владимир Путин Россия томонидан икки стратегик ядровий қурол — қанотли ракета ва экипажсиз сувости кемаси синовдан ўтказилганини маълум қилди. Ҳар икки қурол ядровий энергетик ускуна билан жиҳозланган ва уларнинг ҳаракат радиуси чегараланмаган.

Ижтимоий тармоқда кўплаб таҳлилчилар ушбу икки воқеани боғлаб, Трампнинг баёноти фақат Хитойга эмас, балки Путинга ҳам жавоб бўлган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

 

Ядровий синовлар қайта бошланса, нима бўлади?

Максим Старчакнинг айтишича, «бундай ҳол ядровий қуролланиш пойгасини тезлаштиради, чунки томонлар техник маълумотларни кўпроқ қўлга киритади ва қуролларини такомиллаштиришга ҳаракат қилади».

«Агар Россия ростдан ҳам ядровий синовларга тайёргарлик кўрган бўлса, у ҳолда АҚШ ўз синовларини якунлаши биланоқ бундай ҳаракатга дарҳол киришиши мумкин. Лекин менимча, бу Россия учун манфаатли эмас», — дея қўшимча қилган у.

«Трамп Невадада кучли жамоатчилик қаршилигига дуч келади, АҚШ иттифоқчилари ҳам бу қарорни қоралайди. Бундай қарор АҚШ душманларининг ядровий синовларни бошлашига туртки бўлиб, Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани ҳам заифлаштириши мумкин», — деб ёзган «X» ижтимоий тармоғида Қуролларни назорат қилиш уюшмаси ижрочи директори Дарил Ж.Кимболл.

Бу жараён фақат Россия, АҚШ ёки Хитой ҳарбий ядровий мутахассисларининг ишини тезлаштириш эмас, балки ҳали катта арсеналига эга бўлмаган давлатларга ҳам ўз дастурларини модернизация қилиш ва кенгайтириш имконини яратиб бериши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид