
Turkish Airlines учинчи чоракда 1,1 млрд доллар асосий фойда қайд этди
Туркиянинг миллий авиакомпанияси 2025 йилнинг III чорагида 1,1 млрд долларлик асосий операцион фойдага эришди. Йўловчи сонида рекорд кузатилди.

Turk havo yoʻllari (THY) 2025 йилнинг учинчи чораги учун молиявий натижаларини эълон қилди. Компания бу даврда 1,1 млрд доллар асосий фойда қайд этди. Бу рақам 2024 йилнинг худди шу даврига нисбатан 21,3 фоизга камроқ бўлса-да, компаниянинг барқарор ўсишини намоён этмоқда.
Компания учинчи чоракда 27,2 млн йўловчи ташиб, тарихдаги энг юқори чорак натижасига эришди. Йўловчи ташиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 8,2 фоизга ўсди. Умумий даромад эса 7 млрд долларга яқинлашди, бу ўтган йилга нисбатан 4,9 фоиз кўп.
THY раҳбари Аҳмет Бўлатнинг таъкидлашича, бу натижалар компаниянинг ҳар қандай бозор шароитига мослаша олиш қобилиятини намоён этмоқда. Унинг сўзларига кўра, THY нафақат фойдани, балки узоқ муддатли барқарор муваффақиятни мақсад қилган.
Компаниянинг операцион пул оқими 2,1 млрд долларни ташкил қилди, маржа эса 29,6 фоиз бўлди. Йил якунида бу маржанинг 22–24 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.
Компания Air Europa авиакомпаниясида улуш сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳамкорлик Туркия билан Испания ўртасида йўловчи ва юк ташишни кучайтириш ҳамда Лотин Америкасида янги бозорларга чиқиш имконини яратади.
Сентябр ойи ҳолатига кўра, THY паркидаги самолётлар сони 506 тага етди. Компания 2033 йилгача 800 та самолётдан иборат флотга эга бўлишни мақсад қилган.
Аввалроқ Turkish Airlines ўз тарихидаги энг йирик Boeing самолётлари буюртмасини расман тасдиқлагани, янги келишув доирасида авиакомпания 150 тагача737 MAX, шунингдек, 35 та 787-9, 15 та 787-10 ва яна 25 та Dreamliner учун опцион келишувига эришгани ҳақида хабар берган эдик.





