Logo

Учкўприкда хот-дог ва нон-бургердан 37 киши заҳарланди

Бугун 19:242 дақиқа

Жами 37 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 31 нафари шифохонага ётқизилган.

Учкўприкда хот-дог ва нон-бургердан 37 киши заҳарланди

2026 йил 17–18 сентябрь кунлари Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи фуқаролар ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби белгилар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Дастлабки эпидемиологик суриштирувда улар Учкўприк туманидаги Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган фаст-фуд шохобчаларидан бирида хот-дог ва нон-бургер истеъмол қилгани аниқланган.

Шифокорлар беморларда овқатдан заҳарланиш гумони борлигини билдирган.

2026 йил 18 сентябрь соат 17:00 ҳолатига кўра, жами 37 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 31 нафари шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда беморларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

«Ҳозирда беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Гумондаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда беморлардан текширув ўтказиш учун тегишли намуналар олинган ва тегишли лабораторияларда текширилмоқда», – дейилган хабарда.

Тадбиркорлик субекти фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинчалик тўхтатилди.

Бу Ўзбекистондаги биринчи бундай ҳолат эмас

Овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар аввал ҳам қайд этилган. Масалан, 2024 йил сентябрда Тошкентдаги «Muhteshem Doner» кафеси билан боғлиқ ҳолатда 23 киши овқатдан заҳарланиш белгилари билан шифохоналарга жойлаштирилган. Дастлабки эпидемиологик суриштирувда барча беморлар кафеда тайёрланган таомларни истеъмол қилгани аниқланган.

Ўшанда барча беморлар истеъмол қилган соус заҳарланиш сабаби бўлиши мумкинлиги айтилган.

Бундан аввал, Самарқандда 17 киши, жумладан уч нафар бола, хот-дог истеъмол қилганидан кейин заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилган ҳолат ҳам қайд этилган. Дастлабки эпидемиологик суриштирувда уларнинг барчаси Саттепо массивидаги деҳқон бозори яқинида сотилган хот-догларни истеъмол қилгани аниқланган.

Санэпидқўмита маълумотига кўра, 2025 йилда республика бўйича 44 та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Ушбу ҳолатларда жами 63 киши, жумладан 17 нафар бола жабрланган.

Мавзуга оид