add

Умумий даромадларнинг асосий қисми муҳожирлар ҳиссасига тўғри келмоқда — Статистика қўмитаси

8 та вилоятда даромадлар ўсишининг ярмидан кўпроқ қисми айнан пул ўтказмалари ҳисобига юзага келган. Бу борада энг юқори кўрсаткич Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларида қайд этилган.

Умумий даромадларнинг асосий қисми муҳожирлар ҳиссасига тўғри келмоқда — Статистика қўмитаси

Статистика агентлигининг маълум қилишича, 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида аҳолининг умумий даромадлари 825 трлн сўмдан ошди. Ўтган йилга нисбатан номинал кўринишдаги ўсиш суръати 18,4 фоизни, реал ўсиш суръати эса 8,4 фоизни ташкил этган. 

Аҳоли жон бошига умумий даромад шу йилнинг дастлабки 9 ойида 21,8 млн сўмни ташкил этмоқда. Реал ўсиш 6,3 фоизни қайд этган.

daromadlar 01

Манба: Статистика қўмитаси


Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар қандай?

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад миқдори кескин фарқ қилмоқда. Хусусан, энг юқори кўрсаткич 52 млн сўм билан Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлса, энг паст рақам Қорақалпоғистон Республикасида 14 млн сўмни ташкил этган. Яъни пойтахтдаги кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикасига нисбатан 3,5 баробар кўп.

Пойтахтдан кейинги ўринларда Навоий (32 млн 52 минг сўм), Бухоро (25 млн 972 минг сўм), Хоразм (22 млн 817 минг сўм) ва Тошкент вилояти (21 млн 940 минг сўм) жойлашган. Бу ҳудудлардаги юқори даромадлар ишлаб чиқариш салоҳияти, хизматлар соҳаси ривожи ҳамда аҳоли даромадларининг диверсификацияси билан изоҳланади.

Эътиборлиси, пастроқ кўрсаткичлар водий ҳудудларида қайд этилган. Хусусан, Андижон — 19 млн 378 минг сўм, Фарғона — 18 млн 478 минг сўм ва Наманган — 15 млн 832 минг сўмни ташкил қилган.

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғонада — 13,4 фоиз ва Тошкент шаҳрида — 10,3 фоизни ташкил этган. Аммо ўсиш суръати бўйича энг суст ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси (2,2 фоиз) ва Андижон вилояти (1,1 фоиз) бўлди.

Даромадларнинг манбаи қаерда?

daromadlar 03

Манба: Статистика қўмитаси

2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон аҳолиси даромадларининг катта қисми — 69,8 фоизи бирламчи даромадларга, қолган 30,2 фоизи эса трансфертларга тўғри келди.

Бирламчи даромадлар ичида энг катта улуш — 33,8 фоиз — мустақил равишда банд бўлганлар, яъни тадбиркорлар ва ўзини ўзи иш билан таъминлаган фуқаролар ҳиссасига тўғри келади. Ҳудудлар кесимида мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг энг юқори улуши Жиззах вилоятида — 51,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал ўсиш суръати 17,8 фоиз бўлган.

Ёлланма ишчиларнинг даромадлари умумий даромадларнинг 26,1 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич иш ҳақлари аҳолининг асосий даромад манбаи бўлиб қолаётганини англатади. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида ёлланма ишчилар даромадларининг аҳоли умумий даромадларига нисбатан улуши ва уларнинг ўсиш суръатининг юқорилиги иқтисодий фаолликка сезиларли таъсир кўрсатган.

Шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган хизматлар ҳисобига 6,6 фоиз, мулкдан олинган даромадлар эса 3,3 фоиз улушга эга бўлди. Трансфертлар, яъни ички ва хориждан юбориладиган пул ўтказмалари аҳоли даромадларида муҳим ўрин тутади — 30,2 фоиз.

daromadlar 04

Манба: Миркономика

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг маълум қилишича, пул ўтказмалари умумий даромадлар ўсишида жуда муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Хусусан, республика бўйича ўртача ўсишнинг қарийб ярми (8,0 фоиз банд) пул ўтказмаларидаги юқори ўсиш ҳисобига шаклланган.

8 та вилоятда даромадлар ўсишининг ярмидан кўпроқ қисми айнан пул ўтказмалари ҳисобига юзага келган. Бу борада энг юқори кўрсаткич Хоразм (78,7 фоиз) ҳамда Самарқанд (77,7 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

«Агар пул ўтказмаларида ўсиш кузатилмаганда, республика жон бошига умумий даромадлар реал кўрсаткичларда ўсмаган бўлар эди. Шунингдек, 8 та вилоятда жон бошига реал даромадлар қисқариши қайд этилган бўларди. Бунда пул ўтказмаларидаги ўсишсиз жон бошига даромадларнинг энг юқори қисқариши Самарқандда (-5 фоиз) юз берган бўлар эди, Хоразм (-4,6 фоиз), Сурхондарё (-4,3 фоиз) ҳамда Андижонда (-3,1 фоиз) реал даромадлар 3 фоиздан ортиқ пасайган бўларди», — деб ёзган иқтисодчи Миркомил Холбоев ўз блоги орқали.

Бундан ташқари, ижтимоий трансфертлар — яъни пенсия ва нафақаларнинг аҳоли даромадларидаги улуши камайишда давом этмоқда. Шу йилнинг дастлабки 9 ойида ижтимоий трансфертларнинг жами даромадлардагги улуши 8,6 фоизга тушган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 9,6 фоизни ташкил этган эди.

«Ижтимоий давлат деб эълон қилинганидан бери Ўзбекистонда ижтимоий трансферт (пенсия, нафақа) олувчиларнинг нисбий камбағаллашуви давом этмоқда», — деб ёзган иқтисодчи Отабек Бакиров.

Умуман олганда, даромадлар ўсишининг асосий сабаби — меҳнат муҳожирлари томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳисобланади. Агар бу кўрсаткич ошмаганида, умумий даромадлар ҳажми пасайган бўлар эди.

Маълумот учун, 2025 йилнинг 9 ойида жами пул ўтказмалари ҳажми 13,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ошган.

Умумий даромадлар таркибида кичик тадбиркорликдан олинган даромадлар улуши қарийб 59 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида Жиззах (67,6 фоиз), Бухоро (64,4 фоиз), Тошкент (63,7 фоиз), Наманган (62,4 фоиз), Хоразм (61,4 фоиз), Қашқадарё (61,1 фоиз), Сурхондарё (60,9 фоиз) ва Самарқанд (60,7 фоиз) вилоятларида бу кўрсаткич сезиларли даражада юқори. Тошкент шаҳрида эса улуш 47,5 фоизни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йил бошидан буён 62,2 мингта янги кичик корхона ва микрофирма ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди. Улардан савдо соҳасида — 22 918 та, саноатда — 8 088 та, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида — 7 714 та ҳамда яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда — 5 513 та кичик корхона ва микрофирма фаолият бошлаган.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 12

Барчаси

Мавзуга оид